add

Дивиденд тўланмаслиги қачон қонун бузилиши ҳисобланади?

Kecha 17:363 daqiqa

Фойда бўла туриб дивиденд тўланмаслиги ҳар доим қонунга зид эмас, аммо айрим ҳолатларда акциядор ҳуқуқларининг тўғридан тўғри бузилиши ҳисобланади.

Дивиденд тўланмаслиги қачон қонун бузилиши ҳисобланади?

Акциядорлик жамиятига сармоя киритган инвестор учун дивиденд асосий кутилётган даромад манбаларидан бири ҳисобланади. Амалиётда эса фойда мавжуд бўлса ҳам дивиденд эълон қилинмаслиги ёки эълон қилинган дивидендларнинг вақтида тўланмаслиги ҳолатлари тез-тез учрайди. Бу вазият ҳар доим ҳам қонун бузилиши эмас, бироқ айрим ҳолатларда акциядор ҳуқуқларининг тўғридан тўғри бузилиши ҳисобланади.

Дивиденд масаласини баҳолашда иккита мутлақо турли ҳуқуқий ҳолатни аниқ ажратиш зарур.

Оддий акциялар акциядорга дивиденд олиш ҳуқуқини беради, бироқ бу дивиденд ҳар йили мажбурий тўланади, дегани эмас. Дивиденд фақат акциядорлар умумий йиғилиши томонидан эълон қилинганидан кейингина жамият зиммасидаги мажбуриятга айланади.

Агар умумий йиғилиш дивиденд эълон қилиш бўйича қарор қабул қилмаган бўлса, дивиденд тўланмаслиги автоматик равишда қонун бузилиши ҳисобланмайди. Бу ҳолат жамиятнинг дивиденд сиёсати ва акциядорлар қарорига боғлиқ бўлади. Агар жамият йиллар давомида фойда кўрса-ю, лекин дивиденд масаласи мунтазам равишда кун тартибига ҳам киритилмаса, бу аллақачон корпоратив бошқарув сифати билан боғлиқ саволларни келтириб чиқаради.

Қонунчиликда дивиденд эълон қилиш ва тўлаш мумкин бўлмаган ҳолатлар аниқ белгиланган.

Хусусан, жамият устав фонди тўлиқ тўланмаган бўлса, дивиденд тўлаш натижасида тўловга лаёқатсизлик ҳолатига тушиб қолса ёки бундай хавф мавжуд бўлса, ёки соф активлар қиймати устав ва захира фондлари йиғиндисидан кам бўлса дивиденд эълон қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бу ҳолатларда дивиденд тўланмаслиги жамият ихтиёрига боғлиқ ҳолат эмас, балки ҳуқуқий чеклов ҳисобланади.

Дивиденд умумий йиғилиш томонидан эълон қилинган бўлса, у жамиятнинг тўланиши шарт бўлган мажбуриятига айланади. Тўлов муддати, шакли ва тартиби қарорда аниқ кўрсатилиши лозим. Агар эълон қилинган дивиденд белгиланган муддатда тўланмаса, акциядор дивидендни суд тартибида ундириш ҳуқуқига эга. Айрим ҳолатларда пеня ёки фоиз ҳисоблаш масаласи ҳам кўтарилиши мумкин.

«Дивиденд эълон қилинган, лекин техник сабаб билан тўланмади», деган ҳолат узоқ чўзилса, бу энди техник муаммо эмас, балки мажбуриятни бажармаслик ҳисобланади. Имтиёзли акциялар бўйича дивиденд шартлари одатда жамият уставида ёки эмиссия шартларида олдиндан белгиланади. Айрим ҳолатларда имтиёзли акциялар бўйича дивиденд жамият фойда кўрмаган тақдирда ҳам захира фонди ҳисобидан тўланиши мумкин. Бироқ бу ҳам ҳар доим ва ҳар қандай ҳолатда тўланади дегани эмас. Аниқ механизм фақат устав ва эмиссия ҳужжатлари орқали аниқланади.

Қонунчиликка кўра, жамият захира фондини устав фондининг камида 15 фоизи миқдорида шакллантириши ва ҳар йили соф фойданинг камида 5 фоизини ажратиб бориши шарт. Захира фонди молиявий барқарорлик ёстиғи, айрим ҳолларда имтиёзли акциялар бўйича дивиденд манбаи сифатида хизмат қилади.

Агар жамиятда фойда мавжуд бўлса-ю, захира фонди шаклланмаган бўлса, бу молиявий интизом билан боғлиқ муаммодир. Дивиденд тўланмаслиги ҳар доим ҳам қонун бузилиши эмас. Бироқ дивиденд эълон қилинган бўлса, у жамият зиммасидаги аниқ молиявий мажбуриятга айланади. Шу нуқтадан бошлаб масала корпоратив сиёсат эмас, ҳуқуқий жавобгарлик доирасига ўтади.

Г.Бозорова тайёрлади.

Teglar

Mavzuga oid