add

Дунёда давлат қарзи энг юқори мамлакатлар рўйхати эълон қилинди

Bugun 11:1516172 daqiqa

2025 йилда жаҳон миқёсида давлат қарзи яна ўсиб, қарзнинг ялпи ички маҳсулотга нисбати ўртача 94,7 фоизга етди. Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботига кўра, дунё иқтисодиётида қарз юки энг юқори мамлакат — Япония.

Дунёда давлат қарзи энг юқори мамлакатлар рўйхати эълон қилинди

2025 йилда дунё мамлакатларининг жами давлат қарзи 111 трлн долларга етди ва бу глобал иқтисодиёт учун жиддий хавф омили сифатида баҳоланмоқда. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, қарзнинг ЯИМга нисбати бўйича энг юқори кўрсаткич Японияда қайд этилган.

Японияда давлат қарзи ЯИМнинг 230 фоизига тенг бўлиб, бу дунёдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Мамлакатда узоқ йиллар давомида давом этган иқтисодий рағбатлантириш сиёсати ва аҳолининг қариши бюджет харажатларининг кескин ўсишига олиб келган.

Иккинчи ўринда Судан жойлашган бўлиб, ушбу мамлакатда давлат қарзи ЯИМга нисбатан 222 фоизни ташкил этмоқда. Иқтисодий беқарорлик, ички можаролар ва инфратузилманинг етарлича ривожланмагани қарз юкининг ортишига асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда.

Учинчи ўринда Сингапур қайд этилган. Давлат қарзи ЯИМнинг 176 фоизига тенг бўлса-да, юқори молиявий интизом ва захиралар мавжудлиги туфайли бу ҳолат мамлакат иқтисодиёти учун жиддий хавф сифатида баҳоланмайди.

ХВЖ маълумотларига кўра, 23 та мамлакатда давлат қарзи ЯИМнинг 100 фоизидан ошиб кетган. Улар орасида Греция, Италия, АҚШ ва Франция бор. Хитойда эса бу кўрсаткич 96 фоизга етган.

Шу билан бирга, айрим ҳудудларда қарз умуман мавжуд эмас. Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди Макао давлат қарзи нол даражада экани билан ажралиб туради. Энг паст кўрсаткич Лихтенштейнда қайд этилган — ЯИМнинг 1 фоизи.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил октябр ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи қарийб 43 млрд 969 млн долларни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,12 баравар, яъни 4 млрд 884 млн долларга кўпроқ.

Йил бошидан буён давлат қарзи 3 млрд 75 млн долларга ошди, бу эса 9,3 фоизлик ўсишни англатади. Давлат қарзининг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбати 32,3 фоиз даражасига етган.

Teglar

Mavzuga oid