
Ўсиб бораётган давлат қарзи: ундаги ички ва ташқи қарз улуши
Ўзбекистоннинг давлат қарзи бир йилда деярли 1,1 баробар ошиб, 44 млрд долларга яқинлашди. Vaqt.uz ушбу ўсиш ортидаги ички ва ташқи қарз манбалари ҳамда уларнинг қай тарзда сарфланаётганини таҳлил қилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2025 йил октябр ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи қарийб 43 млрд 969 млн долларни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,12 баравар, яъни 4 млрд 884 млн долларга кўпроқ.
Йил бошидан буён давлат қарзи 3 млрд 75 млн долларга ошди, бу эса 9,3 фоизлик ўсишни англатади. Давлат қарзининг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)га нисбати 32,3 фоиз даражасига етди.

Давлат қарзининг таркиби қандай?
Қарз таркибида асосий улушни — 36 млрд 721 млн доллар, яъни 84 фоизини ташқи қарз ташкил этади. Ички давлат қарзи эса 760 млн долларга кўпайиб, 7 млрд 249 млн долларга етди. Бу эса ички қарзнинг 11,7 фоизга ошганини англатади.
Маълумот учун, ташқи қарз ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 4,5 млрд доллар (+13,9 фоиз), ички қарз эса 392 млн долларга (+6,7 фоиз) ошди.

Ички қарз. Давлатнинг ички қарз улуши учинчи чорак якунлари бўйича ЯИМга нисбатан 5,3 фоизни ташкил қилмоқда. Унинг 5 млрд 858 млн доллари (13 фоизи) қатъий белгиланган фоиз ставкада бўлса, 92 млн доллари ўзгарувчан фоиз ставкада, шунингдек, фоизсиз ички қарзлар 1 млрд 299 млн долларни (3 фоиз) кўрсатмоқда.
Ички қарзлар муддати бўйича ҳам фарқланади. Жумладан, ички қарзларнинг 4 млрд 285 млн доллари, яъни 10 фоизи бир йилдан ортиқ муддатда сўндириладиган узоқ муддатли бўлса, яна 1 млрд 964 млн доллар (4 фоизи) маблағ бир йил ичида сўндириладиган узоқ муддатли қарзлар ҳисобланади. Қисқа муддатли эса 1 млн долларни ташкил қилади.
Ташқи қарз. Статистикага қарайдиган бўлсак, давлат қарзининг асосий улушини ташқи қарзлар ташкил қилади. Учинчи чорак якунига нисбатан рақамлар 36 млрд 721 млн долларни кўрсатмоқда. Бу ЯИМга нисбатан 27 фоиз ҳисобланади.
2025-йилнинг дастлабки ярим йиллигида эса умумий ташқи қарз 72 млрд доллардан ошгани ҳақида маълумот берилган эди. Шундан давлат қарзи 36,8 млрд доллар, корпоратив қарз эса 35,4 млрд долларга тенг бўлган эди.
Ташқи қарзнинг 20 млрд 352 млн доллари, яъни 46 фоизи қатъий белгиланган фоиз ставкада, 16 млрд 75 млн доллари эса ўзгарувчан фоиз ставкада турибди.
Шунингдек, ташқи қарзнинг 83 фоизи, яъни 36 млрд 389 млн доллари бир йилдан ортиқ муддатда сўндириладиган узоқ муддатли маблағлар бўлса, 332 млн доллари (1 фоизи) бир йил ичида сўндириладиган узоқ муддатли пуллар ҳисобланади.
Шу ўринда иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлил қилишича, сўнгги 5 йилда ялпи ташқи қарз 2,5 бараварга, пандемиядан олдинги даврга нисбатан эса 3,4 бараварга ошган.
Марказий банк ҳисоботларига кўра, умумий ташқи қарз ҳажми охирги 3 ойда 3,8 млрд долларга, бир йилда эса 15,6 млрд долларга кўпайган. Бу кўрсаткич давлат қарзи ва корпоратив қарзларнинг баробар ўсиши ҳисобига юзага келган.
Жон бошига ташқи қарз миқдори 2025 йилнинг 1 июл ҳолатига 1 907 долларга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 1 524 доллар эди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, йил якунига бориб мазкур кўрсаткич 2 минг долларлик чегарадан ошиб кетиши мумкин.
Учинчи чорак якуни бўйича аҳоли жон бошига давлат қарзи 1 154 долларни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz Ўзбекистоннинг кимдан қанча қарзи борлигини таҳлил қилган эди.
Ташқи қарз қандай мақсадда ишлатилган?
2025-йилнинг учинчи чораги якунига кўра, ташқи қарзнинг асосий қисми — 47 фоизи (17 млрд 429 млн доллар) бюджетни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Шунингдек, ёқилғи-энергетика соҳасига 5 млрд 785 млн доллар (16 фоизи), қишлоқ ва сув хўжалигига 3 млрд 270 млн доллар (9 фоизи), уй-жой коммунал хўжалигига 3 млрд 071 млн доллар (8 фоизи), транспорт ва транспорт инфратузилмасига эса 2 млрд 875 млн доллар (8 фоизи) ажратилган.
Кимлардан қарз олинди?
Давлатнинг ташқи қарзлари халқаро молия институтлари, хорижий ҳукуматларнинг молия ташкилотлари ва инвесторлар томонидан жалб қилинган. Хусусан, халқаро молия институтлари жами ташқи қарзнинг 54 фоизини, яъни 19 млрд 846 млн долларини ташкил қилади:
Халқаро молия институтлари | Қарз миқдори | Улуши |
Жаҳон банки | 8 млрд 022 млн доллар | 22 фоиз |
Осиё тараққиёт банки | 7 млрд 497 млн доллар | 21 фоиз |
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки | 1 млрд 733 млн доллар | 5 фоиз |
Ислом тараққиёт банки | 932 млн доллар | 3 фоиз |
Халқаро валюта жамғармаси | 638 млн доллар | 2 фоиз |
Европа тикланиш ва тараққиёт банки | 426 млн доллар | 1 фоиз |
Хорижий ҳукуматларнинг молиявий ташкилотлари эса суврен мажбуриятларнинг 30 фоизини, яъни 11 млрд 037 млн долларни ташкил қилади. Улар асосан қуйидагилар:
Хорижий ҳукуматларнинг молия ташкилотлари | Қарз миқдори | Улуши |
Хитой (Тараққиёт банки, Эксимбанк ва бошқалар) | 3 млрд 763 млн доллар | 10 фоиз |
Япония (Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва бошқалар) | 3 млрд 125 млн доллар | 9 фоиз |
Франция (Франция тараққиёт агентлиги ва бошқалар) | 1 млрд 176 млн доллар | 3 фоиз |
Жанубий Корея (Эксимбанк, иқтисодий тараққиёт жамғармаси ва бошқалар) | 740 млн доллар | 2 фоиз |
Германия (Германия давлат банки) | 491 млн доллар | 1 фоиз |
Саудия Арабистони (Тараққиёт жамғармаси) | 134 млн доллар | 0 фоиз |
Германия давлат банки | 491 млн доллар | 1 фоиз |
Испания давлат банки | 74 млн доллар | 0 фоиз |
Туркия Эксимбанки | 27 млн доллар | 0 фоиз |
Бошқалар | 1 млрд 507 млн доллар | 4 фоиз |
Шунингдек, ташқи қарзнинг 16 фоизи инвесторлар ҳиссасига тўғри келади. Январ–сентябр ойларида халқаро облигациялар ҳажми 1,7 млрд долларга ошиб, 5,84 млрд долларни ташкил этди.

Манба: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълумотларига кўра, давлат қарзи ЯИМга нисбатан 2025–2028-йилларда 35 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
Мутасаддилар нима дейди?
Бу рақамлар бир жойга жамлаб таҳлил қилинганда, табиийки, маълум даражада хавотир уйғотади. Бироқ Марказий банк раиси Темур Ишметовнинг таъкидлашича, ташқи қарзга мутлақ миқдор сифатида эмас, балки уни ЯИМга нисбатан баҳолаш зарур.
«Давлат қарзи мутлақ рақамда ошмоқда, лекин иқтисодиёт бундан тезроқ ўсмоқда. Охирги беш йилда нисбий кўрсаткич 32 фоиздан 29 фоизга пасайди, шу боис ташқи қарз барқарорлиги бўйича хатарлар йўқ», — деди Темур Ишметов октябрда бўлган матбуот анжуманида.
2025-йилнинг бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотда 3 фоиздан ошмаслиги прогноз қилинмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026-йилда ҳам кўрсаткичларни шу даражада сақлаб қолишни таъминлайди. Бу даражани сақлаш эса ташқи қарз билан боғлиқ ҳеч қандай муаммони келтириб чиқармаслиги айтилган.
Шунингдек, Ишметов корпоратив соҳада қарзлар ортаётганини айтиб ўтди:
«Корпоратив соҳада биroz қарзлар ошиши кузатиляпти. Ташкилотлар ўзининг инвестицион фаоллигини ошириш учун ташқи қарз жалб қиляпти. Айримлари тўғридан-тўғри қарз жалб қиляпти, айримлари қимматли қоғозлар, еврооблигациялар чиқаришни бошлади — бу ҳам ижобий кўрсаткич. Шу билан бирга, фақат ташқи қарз эмас, балки тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳам ошган. Тўққиз ой якуни бўйича тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 55 фоизга ошди — бу жуда яхши кўрсаткич», — деди у.
Шунингдек, аввалроқ Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров давлат қарзининг уятли ё муаммоли жиҳати йўқлигини айтган эди. Унинг айтишича, қарз мўтадил даражада қолмоқда ва инфратузилма, ижтимоий ҳамда бошқа соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилмоқда.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари ташқи қарзи қандай кўринишда?
Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларининг умумий ташқи қарзи 2025-йил 1 июл ҳолатига кўра 561,9 млрд долларга етган. Бир йил давомида қарз ҳажми 15,6 млрд долларга ёки 2,9 фоизга ошган. Иттифоқ давлатлари орасида қарзнинг асосий қисми Россия зиммасига тўғри келади — 320,8 млрд доллар. Қолган давлатлар ўртасида тақсимот қуйидагича:
Арманистон — 17,9 млрд доллар;
Беларусь — 37,7 млрд доллар;
Қозоғистон — 172,8 млрд доллар;
Қирғизистон — 12,7 млрд доллар.
ЕОИИ мамлакатларида узоқ муддатли ташқи қарз устунлик қилади ва унинг улуши 57–87 фоиз орасида ўзгаради. Қозоғистонда узоқ муддатли қарз улуши 87 фоиз бўлиб, иттифоқда энг юқори кўрсаткич саналади. Қирғизистонда бу кўрсаткич 86 фоиз, Арманистонда 76 фоиз, Беларусда 69 фоизни ташкил этади. Россияда эса қисқа муддатли қарзларнинг улуши юқори — 43 фоиз.
Умумий қарз таркиби давлат бошқарув органлари, марказий банклар, тижорат банклари, корпоратив сектор ва межфирмавий қарзлашувлардан ташкил топган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ташқи қарзнинг номинал ҳажми бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон етакчи — 2025 йил 1 июл ҳолатига ундаги ялпи ташқи қарз 172,8 млрд долларни ташкил этгани ҳақида ёзган эдик.
Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таҳлилига кўра, Ўзбекистон ялпи ташқи қарз ўсиш суръати бўйича минтақада етакчилик қилмоқда. Солиштириш учун, шу даврда Қирғизистон ташқи қарзи 42,3 фоизга, Қозоғистонники 5,4 фоизга, Тожикистонники эса 6 фоизга ўсган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон 2026-йилда яна 5 млрд долларлик ташқи қарз шартномаларини имзолашни режалаштирмоқда. Уни 2 та йўналишга ажратиш кўзда тутилган: давлат бюжети тақчилигини молиялаштиришга ва инвестицион лойиҳаларни қўллаб қувватлашга 2,5 млрд доллардан тақсимланади.
Теглар






