Дунёнинг 50 дан ортиқ шаҳарларида ўзбекистонликлар учун ифторликлар ташкил этилмоқда
Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан хориждаги меҳнат мигрантлари ва талабаларни маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ватан билан боғлиқлигини мустаҳкамлаш мақсадида ифторлик тадбирлари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан 2026 йил Рамазон ойида дунёнинг 10 мамлакати ва 50 дан ортиқ шаҳрида ўзбекистонликлар учун оммавий ифторлик тадбирлари ташкил этилмоқда. Ташаббус Президентнинг 16 февралдаги ПҚ-65-сон қарори асосида амалга оширилмоқда, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурханов.
Лойиҳа «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» ғояси остида ўтказилмоқда. У хорижда меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва доимий яшаб келаётган ватандошларни бирлаштиришга қаратилган. Тадбирлар Макка ва Мадина, Сеул, Истанбул, Анқара, Қоҳира, Аммон, Куала-Лумпур, Вашингтон, Ню Йорк ва Торонто каби шаҳарларни қамраб олади.

Хусусан, Россия Федерациясининг 20 шаҳрида, АҚШнинг 10 шаҳрида ифторликлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, АҚШнинг олти шаҳрида жами 15 та тадбир ўтказиш режалаштирилган.
Қўшимча равишда ватандошлар ҳомийлигида Даллас, Филаделфия, Орландо, Вашингтон, Макка, Новосибирск, Томск ва Екатеринбург шаҳарларида ҳам ифторликлар ўтказилади.
Тадбирлар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан хориждаги элчихоналар ва консуллик муассасалари орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Учрашувларда таниқли уламолар ва имом-хатиблар иштирок этиб, ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, миллий қадриятларга садоқат ва маънавий бирлик мавзуларига урғу берилмоқда.
Ташаббуснинг асосий мақсади хориждаги фуқароларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, айниқса меҳнат мигрантлари ва талабаларга эътибор қаратиш ҳамда уларнинг Ватан билан боғлиқлигини мустаҳкамлашдан иборат.





