add

Экостикер тизимида 2026 йилда жарима қўлланилмайди

Kecha 21:181782 daqiqa

Маълум қилинишича, экологик стикерлар бўйича жарималар келгуси йилдан жорий этилмайди. 2026 йил тайёргарлик даври ҳисобланади.

Экостикер тизимида 2026 йилда жарима қўлланилмайди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва айрим оммавий ахборот воситаларида 2026 йилдан бошлаб «экологик ҳудуд»га кирувчи қизил ва сариқ тоифадаги автомобиллар жаримага тортилиши ҳақида нотўғри талқинлар тарқалди. Экология қўмитасига кўра, бундай хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Жарималар қачон қўлланилади?

Маълум қилинишича, «Экологик транспорт» тизими доирасида жарималар 2028 йилдан бошлаб жорий этилади. 2026 йил эса тизимни тўлиқ йўлга қўйиш, аҳолини хабардор қилиш ва экологик маданиятни шакллантириш босқичи сифатида белгиланган.

Тизимнинг асосий мақсади

Таъкидланишича, автомобиллар ва юк машиналаридан чиқадиган зарарли газлар иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг ошиши ҳамда кислотали ёмғирлар хавфини кучайтиради. Шу боис, «Экологик транспорт» тизимининг бош мақсади жазолаш эмас, балки экологик тоза ҳаракатни рағбатлантириш ва шаҳарлар ҳавоси сифатини яхшилашдан иборат.

Ҳайдовчилар учун яратилган имкониятлар

Тизим ҳайдовчиларни чеклаш эмас, балки уларга ёрдам бериш тамойили асосида ишлайди. Агар автомобиль дастлаб сариқ ёки қизил стикер олган бўлса, уни техник созлаш орқали «яшил» тоифага ўтказиш имконияти мавжуд. Бу эса автомобилнинг экологик кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилади.

Диагностика ва электрон огоҳлантириш

Республика бўйлаб замонавий диагностика марказлари фаолият юритмоқда. Ҳайдовчилар ушбу марказларда техник кўрикдан ўтиб, стикер ранги бўйича ҳолатини яхшилаши мумкин. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигининг ягона электрон тизими ва камералар орқали қайси ҳудудга кириш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида олдиндан огоҳлантиришлар бериб борилади.

2026 йил — мослашув даври

Қайд этилишича, 2026 йилда ҳеч ким жаримага тортилмайди. Бу вақт давомида ҳар бир ҳайдовчи ўз автомобилининг техник ҳолатини яхшилаш ва экологик талабларга мослашиш имкониятига эга бўлади.

Teglar

Mavzuga oid