Электромобиллар савдоси бўйича «Tesla» яна етакчиликни қўлга олди
2026 йил биринчи чорагида «Tesla» глобал электромобил бозорида етакчиликни қайтариб олди, «BYD» эса Хитойдаги имтиёзлар қисқариши ортидан савдода жиддий пасайишни қайд этди.

2026 йил январ–март ойлари якунига кўра, «Tesla» электромобиллар савдоси бўйича дунёда яна биринчи ўринга чиқди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.
«Tesla» сотуви
Маълум қилинишича, Америка компанияси ушбу даврда 358 мингдан ортиқ автомобил сотган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 фоизга кўп. CNBC маълумотига кўра, савдоларнинг асосий қисми «Model 3» ва «Model Y» ҳиссасига тўғри келган — жами 341,8 мингта соилган.
Савдоларнинг 59 фоиздан ортиғи компаниянинг Шанхайдаги заводи орқали амалга оширилган. У ердан етказиб бериш ҳажми ўтган йилга нисбатан 23,5 фоизга ошгани қайд этилган.
Шу билан бирга, «Tesla» кўрсаткичлари ҳали ҳам 2024 йил даражасидан пастлигича қолмоқда. Компания акциялари 2 апрел куни чораклик натижалар эълон қилингач, 5 фоизга арзонлашди.
«BYD» савдоси
Бозордаги асосий рақобатчи — Хитойнинг «BYD» компанияси эса биринчи чоракда савдонинг 25 фоизга қисқаришини қайд этди. Натижада сотувлар 310,3 мингтага тушган.
Экспертлар бу ҳолатни Хитойда электромобиллар учун давлат имтиёзларининг қисқартирилиши билан изоҳламоқда. Янги тартибга кўра, trade-in орқали автомобил харид қилганларга 12 фоизли, аммо 20 минг юандан ошмайдиган субсидия берилади. Аввалроқ барча ҳолатда 20 минг юан тўланар эди.
Шунингдек, электромобиллар учун 5 фоизлик солиқ жорий этилган, бу эса талабга босим ўтказмоқда. Бироқ март ойида «BYD» савдоси февралга нисбатан 58 фоизга ошгани кузатилди.
Рақобатни кучайтирувчи омил
Мутахассислар фикрича, нефт нархларининг ўсиши ва маҳаллий қўллаб-қувватлаш чоралари талабни қисман тиклаган. Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчилар нарх эмас, балки молиявий таклифлар орқали рақобатни кучайтирмоқда. Масалан, «Tesla» Хитойда 7 йиллик 1,36 фоизли кредит дастурини таклиф қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунига кўра, «BYD» илк бор «Tesla»ни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик электромобил етказиб берувчига айланган эди.
Американинг «Tesla» компанияси етказиб бериш ҳажми йиллик ҳисобда 8,6 фоизга камайиб, 2024 йилдаги 1,79 млнтадан 2025 йилда 1,64 млнтага тушган. Шу даврда «BYD» савдоси 28 фоизга ўсиб, 2,26 млн электромобил сотилган.





