
Электромобиллар учун имтиёзли автокредитлар берилади
Ўзбекистонда экологик транспортни оммалаштириш учун арзон кредитлар, субсидиялар ва янги чекловлар пакети ишга туширилади.

Ўзбекистонда экологик тоза транспорт улушини оширишга қаратилган беш йиллик комплекс дастур амалга оширилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида маълум қилди.
Ушбу дастур доирасида электромобил сотиб олиш, зарядлаш инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда жамоат транспортини ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Хусусан, маҳаллий ишлаб чиқарилган электромобиллар учун 12 фоизли, хорижий электромобиллар учун эса 16 фоизли имтиёзли автокредитлар ажратилади.
Электромобилларни қувватлаш станциялари тармоғини кенгайтириш мақсадида тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар берилади. Шунингдек, бундай инфратузилма учун ер майдонларини аукцион орқали бозор нархидан икки баравар арзон сотиб олиш имконияти яратилади.
Зарядлаш жараёнида электр энергияси нархининг 1 kWh учун 300 сўмдан ошган қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди. Бу тадбиркорлар ва ҳайдовчилар харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Электромобилда такси хизмати кўрсатаётган фуқароларга ҳам қатор имтиёзлар тақдим этилади. Бу орқали шаҳарларда ҳаво ифлосланишини камайтириш ва «яшил» такси хизматларини кенгайтириш кўзда тутилган.





