
Энг кўп солиқ тўлаган савдо компаниялари: «Korzinka» ва «Uzum» етакчи
Солиқ қўмитаси 2025 йилда савдо корхоналари томонидан тўланган солиқлар, товар айланмаси ва уларга берилган имтиёзлар ҳақида маълумот берди.

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонда савдо фаолияти билан шуғулланувчи 152 017 та юридик шахс томонидан 31,3 трлн сўмдан ортиқ солиқ тўланган, деб хабар бермоқда Давлат Солиқ қўмитаси.
2025 йилнинг 11 ойи давомида савдо компанияларининг товар айланмаси 721,8 трлн сўмни ташкил этган. Шунингдек, уларга кўрсатиб ўтилган даврда 6,2 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари берилган.
Жами тўланган солиқ миқдорининг 2,5 трлн сўми ёки 8,2 фоизи 20 та корхона улушига тўғри келади. Уларнинг жами товар айланмаси 56,4 трлн сўмни, олган солиқ имтиёзлари эса 484,8 млрд сўмни ташкил этган.
Етакчилар бешлиги
Энг кўп солиқ тўлаганлар рўйхатида етакчи учталикда қуйидаги компаниялар турибди:
1. «Anglesey Food» МЧЖ ХК (Korzinka) — 350,7 млрд сўм;
2. «Uzum Market» МЧЖ ХК (Uzum) — 215,2 млрд сўм;
3. «Total Oil Invest» МЧЖ (TotalEnergies) — 211 млрд сўм;
4. «Namangan-Istiqlol bogʻi» МЧЖ — 191,2 млрд сўм;
5. «UNG PETRO» МЧЖ — 175,8 млрд сўм.
Маълумот учун: Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида савдо хизматлари умумий ҳажми 158 трлн сўмдан ошган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 13,3 фоизга ортган.





