Энг йирик финтех битими: Click ва Halyk Bank келишуви амалга ошмади

Kecha 22:492 daqiqa

Ўзбекистон финтех бозори учун тарихий бўлиши мумкин бўлган Click ва Halyk Bank ўртасидаги 237 млн долларлик келишув белгиланган муддатда якунланмади.

Энг йирик финтех битими: Click ва Halyk Bank келишуви амалга ошмади

Ўзбекистондаги энг йирик тўлов ташкилотларидан бири Click 2025-йил ўртасида Қозоғистоннинг энг катта банки Halyk Bank билан келишувга эришганди.

Унга кўра, Қозоғистон банки Click’нинг 49 фоиз улушини 176,4 млн доллар эвазига сотиб олиши, Click акциядорлари эса банкнинг Ўзбекистондаги шўъба банки — Tenge Bank акцияларининг 49 фоизини 60,8 млн долларга харид қилиши керак эди.

Halyk Bank расмий сайтида маълум қилинишича, томонлар ўртасида келишув муддати 2025-йил, 31-декабрда тугаган. Белгиланган муддатда ҳужжатлар имзоланмаган ва битим якунланмаган дея қайд этилган.

Томонлар ўртасида расмий битим амалга ошмагани IT Park’нинг 2025-йил якунлари бўйича ҳисоботида ҳам кўрсатилганди.

Келишув нега амалга ошмади?

Click ва Halyk Bank’нинг битими нафақат Ўзбекистон учун, Марказий Осиё учун ҳам энг йирик финтех келишувларидан бири эди. Битимнинг умумий қиймати 237 млн доллардан ошганди.

Келишув амалга ошиши учун икки давлат ҳукуматидан ваколатли органлар рухсат бериши керак эди. Сентябр ойида Halyk Bank Қозоғистон Марказий банкидан рухсат олгани маълум бўлди.

Шундан сўнг Click ҳам Ўзбекистон Марказий банкидан рухсат олиш учун сўров юборган. Бироқ, регулятор розилик бермаган.

Марказий банк вакили аввал компаниялар Рақобат қўмитасининг дастлабки розилигини олиши кераклигини тушунтирганди. Регулятор шундан сўнг монополияга қарши орган қарорини инобатга олиб қарор қабул қилиши маълум қилинган.

«Ҳозирча битимга рухсат бермадик. Агар улар Рақобат қўмитаси қароридан сўнг мурожаат қилишса, биз уларнинг аризасини белгиланган тартибда кўриб чиқамиз», — дея тушунтирганди Марказий банк ходими.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўшанда томонлар ўртасида келишув амалга ошмаётганини шу тариқа изоҳлаган эди:

«Қонун бўйича Рақобат қўмитаси ҳам, Марказий банк ҳам белгиланган тартибда кўриб чиқиш муддатига амал қилаётгани йўқ. Ёки ҳаммаси худди эски замондагидек тепада ҳал бўлиши ёки монополистларнинг розилигини олмагани билан боғлиқдир».

Click 2023-йил ўртасида Uzum билан бирлашиши ҳақида эълон қилганди. Бироқ, бу келишувга ҳам рақобат қўмитаси розилигини олиш имкони бўлмаган.

Click ва Halyk Bank қанчалик йирик ташкилотлар?

Click 2024-йил якунларига бўйича Ўзбекистондаги энг кўп фойда олган тўлов ташкилоти бўлганди.

Финтех йил давомида қарийб 300 млн долларлик соф фойдага эришган. Ундан кейинги ўринларни Paynet ва Payme тўлов ташкилотлари эгаллаганди.

Click фойдаси 2024-йилда Ўзбекистондаги 70 фоиз банклардан кўпроқ бўлган. 2025-йил тўлиқ ҳисоботлар ҳозирча очиқ манбаларда мавжуд эмас.

«Halyk Bank» 2025-йилни 2 млрд доллар атрофида соф фойда билан якунлади. Бу Ўзбекистондаги барча 35 та банкдан кўпроқ дегани.

Томонлар ўртасидаги келишув Қозоғистондаги энг катта молиявий ташкилотнинг Ўзбекистон финтех тизимига кириб келишида муҳим аҳамиятга эга бўларди.

Teglar

Mavzuga oid