Эпштейн файлларидаги «Пицца», «туна» ва «музқаймоқ»: Элитанинг ўз махфий тили бўлиши мумкин
Эпштейн архивларининг эълон қилиниши элита вакиллари орасидаги «махфий сўзлар» борасидаги баҳсларни жонлантириб, «Пиццагейт» назариясига бўлган қизиқишни қайтарди.
© Foto: TRT RussianАҚШ Адлия вазирлиги томонидан Жеффри Эпштейн иши бўйича ҳажми уч миллион саҳифадан ортиқ бўлган улкан ҳужжатлар тўпламининг чоп этилиши ёпиқ жамиятлар ичидаги мулоқот усуллари ҳақидаги муҳокамаларнинг янги тўлқинига сабаб бўлди. Одамларнинг диққатини айрим атамаларнинг ғайритабиий даражада тез-тез такрорланиши тортди ва бу интернетдаги баҳсларда эҳтимолий «махфий кодлар» сифатида талқин қилина бошланди. Бундай сўзлар орасида оддий озиқ-овқат маҳсулотларининг номлари мунтазам учраб туради.
Шу билан бирга, ушбу материаллар пайдо бўлиши фонида илк бор 2016 йилда шаклланган «Пиццагейт» (Pizzagate) назариясига қизиқиш яна кучайди. Ўшанда форум иштирокчилари «пишлоқли пицца» ҳақидаги суҳбатларга эътибор қаратишган эди — бу ибора CP (child pornography — болалар порнографияси) аббревиатураси билан боғланган. Бу талқинлар ноқонуний фаолиятни мувофиқлаштириш учун ишлатилган яширин тил мавжудлиги ҳақидаги тахминларга асос бўлди.
Эпштейн архивлари эълон қилингач, ушбу назария тарафдорлари аввалги хулосаларни янги ҳужжатлар билан солиштира бошлади. Хусусан, кўпчилик айрим сўзларнинг ишлатилиш статистикасига эътибор қаратди: материалларда «пицца» сўзи юзлаб марта учрайди. «Пиццагейт» тарафдорлари учун бундай такрорийлик «озиқ-овқат» билан боғлиқ сўзлар яширин алоқа тизимининг бир қисми сифатида ишлатилган бўлиши мумкин, деган фикрни қувватловчи далил бўлиб хизмат қилди.
2016 йил: «Пиццагейт» назарияси
«Пиццагейт»нинг пайдо бўлиши Хиллари Клинтон сайлов штаби раҳбари Жон Подестанинг шахсий ёзишмалари эълон қилиниши билан бевосита боғлиқ. 2016 йил кузида «WikiLeaks» хакерлик ҳужуми натижасида қўлга киритилган минглаб электрон хатларни оммага ошкор қилди. Хатларда асосан ташкилий масалалар — учрашувлар, тадбирлар ва сайлов кампаниясининг логистикаси муҳокама қилинган эди.
Бироқ аноним форумларда, биринчи навбатда «4chan» платформасининг сиёсий бўлимида Доналд Трамп тарафдорлари бўлган фойдаланувчилар ушбу ёзишмаларни синчиклаб таҳлил қилишга ва улардан яширин маъноларни топишга киришишди. Айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари — пицца, пишлоқ ва бошқа егуликларнинг тилга олиниши алоҳида диққат марказида бўлди. Форум иштирокчиларининг бир қисми бу каби сўзлар вояга етмаганларни эксплуатация қилиш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятнинг махфий кодлари бўлиши мумкин, деган тахминни илгари суришди. Гарчи бу даъволар асосан тасодифлар ва талқинларга таянган бўлса-да, назария шиддат билан тарқала бошлади.
Вашингтондаги «Comet Ping Pong» пиццерияси ушбу воқеаларнинг марказий объектига айланди. Унинг эгаси, тадбиркор Жеймс Алефантис ҳақиқатан ҳам Демократик партиянинг сиёсий доиралари билан алоқада бўлган ва Клинтон кампанияси учун маблағ йиғишда иштирок этган.
Ёзишмалар эълон қилингач, ўнг қанот фаоллари ресторан билан боғлиқ ижтимоий тармоқлар, фотосуратлар ва ҳар қандай хабарларни диққат билан ўргана бошлади. Болалар иштирокидаги айрим суратлар назария тарафдорлари томонидан жиноий тармоқ мавжудлигининг эҳтимолий далили сифатида талқин қилинди.
Бу воқеа «Reddit», «YouTube», «Facebook» ва бошқа платформалар орасида тез тарқалди. Фойдаланувчилар видеотаҳлиллар тайёрлашди, ўзларининг «текширувларини» эълон қилишди, сиёсатчилар, тадбиркорлар ва машҳурлар ўртасидаги тахминий алоқаларнинг график чизмаларини тузишди.
2016 йил декабр ойидаги ҳодиса ушбу воқеаларнинг авж нуқтаси бўлди. Шимолий Каролина штатида истиқомат қилувчи 28 ёшли Эдгар Уэлч ресторанда болалар асирликда ушлаб турилганига ишониб, Вашингтонга қуролланган ҳолда келди. У муассаса ичида ўт очди. Ҳеч ким жабрланмаган бўлса-да, бу воқеа фитна назарияси қуролли ҳужумга сабаб бўлган энг шов-шувли ҳолатлардан бири сифатида тарихга кирди. Текширувлар давомида ҳеч қандай жиноий фаолият аломатлари аниқланмади.
Вақт ўтиши билан «Пиццагейт» алоҳида назария бўлишдан тўхтаб, кенгроқ конспирологик ҳаракатларнинг асосига айланди. Улар орасида энг машҳури «QAnon» бўлиб, бу ҳаракат глобал сиёсий элиталар, махсус хизматлар ва бошқа соядаги тузилмалар ўртасида яширин кураш кетаётганини иддао қилади. «QAnon» аслида «Пиццагейт»нинг асосий элементларини — яширин таъсир тармоқлари ва кодланган хабарлардан фойдаланиш ғояларини мерос қилиб олди.
2026 йил: Эпштейн файллари
2026 йил бошида АҚШ Адлия вазирлигининг мисли кўрилмаган архиви оммага ошкор бўлди: 3 миллион саҳифадан ортиқ ҳужжатлар Эпштейн тармоғининг ҳақиқий кўламини очиб берди. Бунчалик катта ҳажмдаги маълумотларнинг эълон қилиниши порлаган бомба таъсирини берди: материалларда юзлаб юқори лавозимли шахслар, жумладан, дунё миқёсидаги сиёсатчилар, бизнес магнатлари ва шоу-бизнес юлдузларининг номлари келтирилган. Эпштейн ва унинг шериги Гислейн Максвелл билан алоқалари синчиклаб ўрганилаётганлар орасида Билл Клинтон, Доналд Трамп, Билл Гейтс, Илон Маск, шаҳзода Эндрю ва бошқа бир қатор нуфузли шахслар бор. Бу файлларда исми зикр этилган барча шахслар жиноий фаолиятга алоқадор дегани бўлмаса-да, турли соҳа вакилларининг бунчалик кенг қамровда тилга олиниши Эпштейн тармоғи шунчаки маҳаллий жиноий гуруҳ эмас, балки глобал элита вакиллари билан боғлиқ тизимли ҳодиса бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирмоқда.
Шу фондда шифрланган мулоқотлар мавзуси янги куч билан авж олди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эълон қилинган ёзишмаларни фаол таҳлил қила бошлашди ва ундаги статистик ғалатиликка эътибор қаратишди: масалан, материалларда «пицца» сўзи 900 мартадан кўп учрайди. Бундан ташқари, ҳужжатларда «хот-дог», «музқаймоқ» ва «пишлоқ» каби сўзлар мунтазам ишлатилган бўлиб, бир қатор мулоқотларда уларнинг қўлланилиши кундалик суҳбат ёки таомнома муҳокамасига мутлақо тўғри келмайди.
«Эпштейн кодлари» луғатларида оддий «товуқ шўрва» ёки «қаймоқли пишлоқ» ортида болалар эксплуатацияси, «органик сабзи» ортида эса муайян ташқи кўринишдаги қурбонларни излаш яширингани тахмин қилинмоқда. Ҳатто «ёнғоқ» ёки «соус» каби тафсилотлар ҳам қандайдир сигналлар сифатида қабул қилинмоқда.
Расмий фактчекерлар (маълумот текширувчилар) бу ибораларни тўғридан-тўғри маънода — меҳмонлар учун меню ва газак муҳокамаси деб талқин қилишда давом этаётган бўлса-да, тармоқда бу иборалар тамомила бошқача ва кутилган натижани берди.
Айниқса, «дудланган гўшт» етказиб бериш ҳақидаги хатлар ва «Музлатилган оқ туна балиғини нима қиламиз?» деган савол катта қизиқиш уйғотди. Кўпчилик бу атамаларни қурбонларни жинси, ёши ва типига қараб таснифлаш тизимининг элементлари деб ҳисобламоқда. Конспирологлар «дудланган гўшт» деганда инсон гўштини, «музлатилган оқ туна» деганда эса ҳаётдан кўз юмган оқ танли аёлларнинг жасадларини тушуна бошлашди.
Бу шубҳаларни манзил эгасининг шахси янада алангалатди: бу етказиб беришларни мувофиқлаштириш билан Фрэнсис Дерби шуғулланган. У ўша вақтда Лос-Анжелесдаги «Каннибал» (Одамхўр) деб номланган элита ресторанда ишлаган ҳақиқий бош ошпаздир. Гарчи баъзилар муассаса номи шунчаки тасодиф эканини ва у спортчилардан бирининг лақабидан олинганини таъкидласа-да, бу вазият шубҳаларни камайтирмади.
Тергов «туна» бу балиқ эмаслигини, «музқаймоқ» эса десерт эмаслигини расман тасдиқламаган бўлса-да, ишдаги шахсларнинг мулоқот тарзи энг даҳшатли гумонлар учун замин яратмоқда. Бу ерда воқелик ва фитна назарияси ўртасидаги чегара бутунлай йўқолиб бормоқда.
Ҳужжатларнинг бу қисми элита истеъмоли ниқоби ортида қандайдир маросим яширинган бўлиши мумкинлигига ишонганлар учун «айсбергнинг учи» бўлиб хизмат қилди. Бундай талқинлар йиллар давомида шу каби даҳшатларни одатий ҳолга айлантирган «глобал шайтоний сиғиниш» ва «миллиардер-каннибаллар» ҳақидаги назарияларни озиқлантирмоқда. Эпштейннинг исботланган жиноятлари контекстида музлатилган балиқни «нима қилиш» ҳақидаги муҳокама кўпчилик учун далилларни йўқ қилиш бўйича йўриқнома бўлиб кўринмоқда.
Далилларни йўқ қилиш ҳақида гап кетганда, Эпштейн томонидан саноат миқёсида сотиб олинган кўп миқдордаги кислота ҳақида ҳам маълум бўлди. Ҳужжатларда унинг шахсий мулкларига мунтазам равишда сулфат кислотаси етказиб берилгани қайд этилган. Криминалистикада бундай моддалар машъум обрўга эга: улардан органик тўқималарни эритиш ва биологик изларни бутунлай йўқ қилиш учун фойдаланилади.





