Эрон Олий раҳбари Хоминаи ким ва нима учун у асосий нишонга айланиши мумкин?

28.02.2026 | 21:404 daqiqa

Аввалроқ Хоминаи «қаттиқ хавотирга тушиши кераклигини» айтган Трамп энди Эрон халқини амалдаги ҳукуматни ағдаришга чақирмоқда.

Эрон Олий раҳбари Хоминаи ким ва нима учун у асосий нишонга айланиши мумкин?

АҚШ ва Исроил Эронга қарши янги ҳужумлар сериясини бошлади. Бу ҳаракатлар Эроннинг ядро дастури бўйича музокараларни яна бир бор издан чиқариш билан бирга, мамлакат хавфсизлик тизими ва олий раҳбариятини нишонга олиш уринишлари борасида жиддий саволларни туғдирди.

Бугун, 28 феврал куни Теҳронда зарба берилган ҳудудлар орасида Олий раҳбар Оятуллоҳ Хоминаи фаолиятига алоқадор масканлар ҳам бор.

Қуйида Хоминаи шахси ва нима сабабдан АҚШ ҳамда Исроил Эрон раҳбариятини яксон қилишга интилаётгани ҳақида батафсил маълумот берилади.

Бугунги кунги ҳужумлар қаерларни нишонга олди?

Эрон ОАВлари АҚШ ва Исроил ҳужумлари бутун мамлакат бўйлаб, жумладан, пойтахт Теҳроннинг бир нечта ҳудудларида содир бўлганини хабар қилмоқда. Эроннинг «Тасним» ахборот агентлиги маълумотига кўра, еттита ракета Теҳрон шимолидаги Шемирон туманида жойлашган президент саройи яқинига, шунингдек, Хоминаи қароргоҳи атрофига тушган. «Associated Press» агентлиги эса ҳужумлар Олий раҳбарнинг пойтахтдаги идоралари яқинида ҳам амалга оширилганини маълум қилди.

 

1

Хоминаи ҳозир қаерда?

Бу ҳозирча номаълум. «Reuters» агентлиги ўз манбасига таяниб, Хоминаи Теҳронда эмаслиги ва хавфсиз жойга кўчирилганини хабар қилди.

Хоминаи ким?

86 ёшли Хоминаи 1989 йилдан буён Эроннинг Олий раҳбари саналади. У бу лавозимда Ислом Республикасининг марҳум асосчиси, Оятуллоҳ Руҳоллоҳ Хумайнийнинг ўрнини эгаллаган. Хумайний ўз вақтида сургундан қайтиб, АҚШнинг яқин иттифоқчиси бўлган шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийни тахтдан ағдарган 1979 йилги Эрон инқилобига бошчилик қилган эди. У ҳукуматнинг барча тармоқлари, армия ва суд тизими устидан мутлақ ҳокимиятга эга бўлиб, айни пайтда мамлакатнинг руҳий раҳнамоси ҳам ҳисобланади.

Ўз бошқаруви даврида Хоминаи Ғарб билан зиддиятли муносабатларга, жумладан, кескин санкцияларга, шунингдек, мамлакат ичкарисида иқтисодиёт ва инсон ҳуқуқлари масалаларида келиб чиққан бир неча норозилик намойишларига бардош бериб келмоқда. У АҚШни Эроннинг «биринчи рақамли душмани» деб атайди, Исроил эса бу рўйхатда ундан кейинги ўринда туради.

Хоминаи қудратининг асосий таянчи – Эроннинг икки йирик хавфсизлик тузилмаси: Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ҳамда юз минглаб кўнгиллиларни ўзида жамлаган «Басиж» ҳарбийлаштирилган кучларининг садоқатидир.

Хоминаи Эрон ҳеч қачон ядро қуроли яратмаслигини ва мамлакатнинг ядро дастури фақат тинчлик мақсадларига қаратилганини узоқ вақтдан буён таъкидлаб келади. На АҚШ разведкаси, на БМТнинг ядровий назорат органи Эрон атом қуроли яратишга уринаётганини тасдиқловчи бирор далил топган. Шундай бўлса-да, Исроил ва Трамп маъмуриятидаги айрим шахслар айнан шу қарашни илгари суришда давом этмоқда.

2

АҚШ ва Исроил Хоминаи ҳақида нималар деган?

Ҳар икки давлат расмийлари аввал ҳам Хоминаига нисбатан таҳдидли баёнотлар билан чиқишган.

Июн ойида АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари ҳамда Теҳроннинг Исроилга қайтарган жавоб зарбаларини ўз ичига олган 12 кунлик тўқнашувлардан сўнг, Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Хоминаи «яшашда давом этиши мумкин эмас»лигини таъкидлади.

«Эрон каби давлат тепасида турган ва Исроилни йўқ қилишдек даҳшатли мақсадни кўзлаган Хоминаидек диктатор ортиқ яшамаслиги керак», — деди у.

Кейинроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил Хоминаини йўқ қилиш эҳтимолини истисно этмаслигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бундай қадам АҚШ ва Эрон ўртасидаги узоқ йиллик зиддиятга «нуқта қўяди».

АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Хоминаига қарата таҳдидли баёнотлар берган. Шу ой бошида «ABC News» телеканалига берган интервюсида Трамп АҚШ минтақага ҳарбий кучларини тўплаётгани сабабли, Эрон раҳбари «қаттиқ хавотирга тушиши» кераклигини таъкидлади. Бошқа бир чиқишида эса, у Эронда тузум ўзгариши «юз бериши мумкин бўлган энг яхши ҳодиса» бўлишини ва ҳокимиятни ўз қўлига ола биладиган «одамлар борлигини» айтди.

Ўтган йили Эронга ҳужум уюштиришга буйруқ берган Трамп, агар АҚШ хоҳласа, Хоминаи «осон нишон»га айланишини даъво қилган эди.

«Биз «Олий раҳбар» аталувчи шахснинг қаерда яшириниб ётганини аниқ биламиз. У жуда осон нишон, лекин у ерда унга хавф йўқ. Биз уни йўқ қилмоқчи эмасмиз (ўлдирмоқчи эмасмиз!), ҳар қалай, ҳозирча», — деган эди Трамп.

Сўнгги ҳужумдан кўзланган мақсад нима эди?

Ҳужумлардан кейинги чиқишларида Трамп Эрон ҳарбий-денгиз кучлари ва ракета базаларини «яксон қилишга» ваъда берди ҳамда эронликларни ўз ҳукуматини ағдаришга чақирди.

«Биз ишимизни якунлагач, ҳукуматни ўз қўлингизга олинг. У сизларга қолади. Эҳтимол, бу келажак авлодлар учун ягона имкониятингиздир», — деди Трамп.

Эрон мавзусини кенг ёритиб келувчи «Al Jazeera» мухбири Али Ҳошимнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Исроил ҳужумлари «асосан сиёсий элитани яксон қилишга» қаратилгани яққол кўриниб турибди.

«Бироқ, бу ҳаракатлар қанчалик муваффақиятли ёки бесамар бўлгани ҳақида гапиришга ҳали эрта», — дейди у.

 

Teglar

Mavzuga oid