add

Эрон олий раҳнамосининг Москвага эҳтимолий қочиш режаси ошкор этилди

05.01.2026 | 10:552 daqiqa

Эронда норозиликлар кучайган тақдирда олий раҳнамони эвакуация қилиш бўйича заҳира режа ишлаб чиқилгани айтилмоқда.

Эрон олий раҳнамосининг Москвага эҳтимолий қочиш режаси ошкор этилди

Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий мамлакатда норозилик намойишлари назоратдан чиқса, Россияга қочиб кетиши мумкин. Бу ҳақда разведка манбаларига таянган ҳолда The Times нашри хабар берди. Манбаларга кўра, хавфсизлик кучлари намойишларни тўхтата олмаса ёки буйруқларни бажаришдан бош тортса, амалга ошириладиган захира режа тайёр ҳолда турибди.

Маълум қилинишича, эҳтимолий эвакуация сценарийси Хоманаийнинг энг яқин 20 нафар атрофидаги ёрдамчилари ҳамда оила аъзоларини ҳам ўз ичига олади. Бу режа унинг ўғли ва эҳтимолий вориси сифатида тилга олинаётган Мўжтабо Хоманаийга ҳам тааллуқли.

«Уларнинг қочишга эҳтиёжи туғилса, Теҳрондан чиқиш йўли режалаштирилган. Бу режа хориждаги активлар, кўчмас мулклар ва нақд пулларни тўплашни ҳам ўз ичига олади. Бу уларнинг хавфсиз чиқиб кетишини таъминлаши керак», дейди разведка манбаси.

Нашрга кўра, Хоманаий июн ойида Исроил билан бўлган 12 кунлик қуролли тўқнашувдан сўнг жисмонан ва руҳан анча заифлашган. Бу хулоса Ғарб разведка идораларидан бири тайёрлаган психологик таҳлилга асосланган бўлиб, унда Эрон олий раҳнамоси «паранойд кайфиятдаги раҳбар» сифатида тавсифланган.

Таҳлилда қайд этилишича, Хоманаий мафкуравий жиҳатдан қатъий бўлишига қарамасдан, вазиятга прагматик ёндашишни ҳам афзал кўради. У узоқ муддатли стратегик мақсадлар йўлида вақтинчалик тактик муросага боришни мумкин деб ҳисоблайди. Айнан шу хусусият, хавфсизлик тузилмалари ундан юз ўгирган тақдирда, мамлакатни тарк этиш режасига таъсир қилган.

Исроил разведкаси вакили Бени Сабтининг фикрича, Москва Хоманаий учун энг эҳтимолий манзил ҳисобланади, чунки «унинг бошқа бориш жойи деярли йўқ». The Times бу ҳолатни Суриянинг собиқ президенти Башар Асад оиласи билан Россияга қочиб бориб, у ердан бошпана топгани билан қиёслайди. Кремл вакили Дмитрий Песков эса Асаднинг кетишини унинг шахсий қарори сифатида баҳолаган эди.

Хабарда, шунингдек, Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний ва бошқа яқин амалдорларнинг АҚШ, Канада ва Дубайда қариндошлари борлиги қайд этилган. Айни пайтда Эронда юқори инфляция сабаб бир неча кундан бери намойишлар давом этмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп эса куч ишлатилса, вазиятга аралашишга тайёрлигини билдирган.

Teglar

Mavzuga oid