Эрон санкциялар бекор қилинса, ядровий келишувга тайёр
Эрон ТИВ раҳбарининг ўринбосари АҚШ томонидан ирода намоён этилса, атом дастури бўйича келишувга эришиш мумкинлигини билдирди. Томонлар ўртасидаги музокаралар 24 феврал куни Женевада давом этади, бироқ позициялар ҳали ҳам бир-биридан анча узоқ.

Эрон АҚШ билан ядровий келишув тузиш учун муросага боришга тайёр, аммо муайян шартлар асосида. Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Мажид Тахт-Раванчи бугун, 15 феврал куни эълон қилинган интервюда Теҳроннинг асосий талаби Вашингтон санкцияларни бекор қилиш масаласини муҳокама қилишга тайёр бўлиши эканини айтди.
«Тўп америкаликлар томонида, улар келишувни исташини исботлаши керак», – деди дипломат BBCга берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, агар АҚШ жиддий ёндашса, келишувга олиб борадиган йўл очиқ.
Аввалроқ АҚШ давлат котиби Марко Рубио президент Доналд Трамп дипломатик ечимни афзал кўришини, аммо Эрон билан бунга эришиш «жуда қийин» бўлишини айтган эди.
Янги музокаралар босқичи
АҚШ ва Эрон ўртасида Омон воситачилигида навбатдаги музокаралар 24 феврал куни Женевада ўтказилиши режалаштирилган. Феврал бошида томонлар Маскатда ҳам маслаҳатлашувлар ўтказган эди. Уларда Эрон ТИВ раҳбари Аббос Ароқчи, АҚШнинг махсус элчиси Стив Уиткофф ҳамда Трампнинг куёви Жаред Кушнер иштирок этган.
Томонлар позицияси ҳануз кескин фарқ қилади. Теҳрон фақат ўз ядровий дастури ва санкцияларни бекор қилишни муҳокама қилишга тайёр. Вашингтон эса кун тартибини кенгайтиришни, жумладан Эроннинг ракета дастури ҳамда «Ҳизбуллоҳ» ва ҲАМАС каби гуруҳларни қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳам киритишни талаб қилмоқда.
Трамп дипломатия муваффақиятсиз якунланса, Эронга ҳарбий зарба бериш билан бир неча бор таҳдид қилган ва минтақада қўшимча ҳарбий кемаларни жойлаштирган. Теҳрон эса жавоб тариқасида қасос олишини билдириб, агар Форс кўрфазидаги АҚШ базалари жойлашган араб давлатлари Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларга жалб этилса, улар нишонга айланиши мумкинлигини огоҳлантирган.
Можаро тарихи
2025 йил июн ойида Исроил АҚШ қўллаб-қувватлови билан Эроннинг ядровий обектларига зарба берди. Шиддатли ҳужумлар 12 кун давом этди ва сулҳ билан якунланди. Эрон томони маълумотларига кўра, Фордо шаҳридаги асосий обект жиддий зарар кўрган ва уран бойитиш тўхтатилган. Ўшанда Трамп Эрон ядровий дастури «тўлиқ ва батамом йўқ қилинган»ини айтган эди.
АҚШ ва бошқа давлатлар Эронни фуқаролик дастури ниқоби остида ядровий қурол яратишга интилаётганликда узоқ вақтдан бери айблаб келади, бироқ Теҳрон буни инкор этади. 2018 йилда, Трампнинг биринчи президентлик даврида, Вашингтон 2015 йилги ядровий келишувдан бир томонлама чиқиб кетди ва санкцияларни қайта тиклади. Шундан сўнг Эрон чекловларга риоя қилишдан воз кечиб, уран бойитишни жадаллаштирди.





