
«Эрон ёнмоқда»: Икки шаҳар исёнчилар қўлига ўтди, хавфсизлик кучлари чекинмоқда
Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли — мухожиратдаги мухолифат етакчиси Ризо Паҳлавий «ўтиш жараёнига раҳбарлик қилиш» ниятида эканини ошкор қилди.

Эронда давом этаётган оммавий норозилик намойишлари фонида Жанубий Озарбойжоннинг Табриз, Ардабил ва Занжон шаҳарларига қўшимча хавфсизлик кучлари ва ҳарбий бўлинмалар киритилди.
Эрон мухолифат нашрларининг ёзишича, ушбу шаҳарлардаги разведка хизмати ходимлари сиёсий ва жамоат фаолларига қўнғироқ қилиб, уларни намойишларда қатнашмасликдан огоҳлантирмоқда.
Қайд этилишича, Ироқ билан чегара яқинида жойлашган Обидонон шаҳри (Илом вилояти) намойишчилар назоратига ўтган. Fox News телеканали маълумотларига кўра, Обидонондан ташқари Моликшоҳи шаҳри ҳам исёнчилар қўлига ўтган. Эрон Миллий Қаршилик Кенгаши (ЭМҚК) ҳам Обидононнинг амалда «қўлга олингани» тасдиқлади.
«Бугун Эрон ғарбидаги икки шаҳарда муҳим воқеа юз берди — улар амалда намойишчилар назоратига ўтди ва одамлар кўчаларда ғалабани байрам қилмоқда», — деди ЭМҚК Ташқи ишлар комиссияси аъзоси Али Сафавий Fox News телеканалига берган интервюсида.
Эрон Миллий Инсон ҳуқуқлари кенгаши президенти Марям Ражавий ҳам «Х» ижтимоий тармоғида пост қолдириб, Моликшоҳи ва Обидонондаги намойишчиларга миннатдорлик билдирди. Унинг сўзларига кўра, исёнчилар «режим кучларини чекинишга мажбур қилган».
Шу билан бирга, Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли — мухожиратдаги мухолифат етакчиси Ризо Паҳлавий Fox News нашрига берган баёнотида «ўтиш жараёнига раҳбарлик қилиш» ниятида эканини билдирди. Унинг мақсади — «миллий референдум ва конституциявий мажлис орқали» тинч йўл билан ўзгаришларга эришишдир. Собиқ валиаҳд шаҳзода «ҳал қилувчи жанг» учун Эронга қайтишга ҳар қачонгидан ҳам тайёр эканини таъкидлади.
«Менинг вазифам — ватандошларимга ушбу мақсадга эришишда ёрдам бериш... Агар якуний натижа дунёвий демократия бўлса, мен унинг шакли қандай бўлишига бетарафман», — деди Паҳлавий. — Вазият тақазо қилиши билан Эрондаги жараёнларга аралашишга тайёрман ва ҳал қилувчи жангга раҳбарлик қилиш учун ватандошларим сафида бўламан», — дея ишонтирди у.
Санкциялар ва Исроил билан уруш оқибатлари туфайли риалнинг қадрсизланиши ҳамда қарийб 50 фоизлик инфляция ортидан бошланган намойишлар ўнлаб шаҳарларни қамраб олди. Тўқнашувлар оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди, икки мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди. Хавфсизлик кучлари кўздан ёш оқизувчи газ ишлатмоқда, интернетни чекламоқда. Мамлакатда яшаш харажатларининг минимуми тахминан 266 доллар бўлгани ҳолда, расмийлар аҳолига атиги 7 доллар миқдорида рамзий ёрдам пули таклиф қилмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ, агар бошқа давлатларда намойишлар шафқатсизларча бостирилса, ҳарбий куч ишлатишга тайёрлигини маълум қилган эди. Ушбу баёнот Теҳронда кескин эътирозга сабаб бўлди ва “мулоҳазасиз” деб аталди. Эрон расмийлари бунга қатъий жавоб қайтариш билан таҳдид қилиб, Ғарбни мамлакат иқтисодиётини издан чиқаришда айблади. Сиёсатшунослар вазият назоратдан чиқиб, «Венесуэла сценарийси» бўйича ривожланишидан хавотирда. Шу билан бирга, агар намойишларни бостириш имконсиз бўлиб қолса, Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Хоманаийни Москвага эвакуация қилиш режалари ҳақида хабарлар тарқалмоқда.





