Эрондаги қизлар мактабига ҳужумда 150 дан ортиқ одам ҳалок бўлди
Мамлакатда иш ҳафтаси шанбадан пайшанбагача давом этиши инобатга олинса, мактабга зарба берилган пайтда у ерда дарс жараёни ўтаётган бўлгани аён бўлади.

Кеча, 28 феврал куни Эроннинг Минаб шаҳридаги қизлар мактабига берилган зарба оқибатида камида 153 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда «Mizan News Agency» хабар берди.
Расмий рақамлар турлича билдирилмоқда, аммо кўп манбаларда ҳалоклар сони 148 атрофида келтирилган. Эрон бу ҳодисада АҚШ ва Исроилни айблади. АҚШ Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги (Centcom) воқеа ҳақидаги хабарларни ўрганаётганини маълум қилди, Исроил ҳарбийлари эса мазкур ҳудудда ЦАХАЛ операциялари ҳақида «хабардор эмасликларини» билдирди.
Қизлар мактаби Минаб шаҳрида, илгари нишонга олинган Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси базаси яқинида ( 600 метр масофада) жойлашган эди.
Эрон Қизил Ярим Ой жамияти маълумотига кўра, 28 феврал кунидан бери Эрондаги ҳаво зарбалари оқибатида камида 201 киши ҳалок бўлган, 747 киши яраланган.
Эрон президенти Масъуд Пезешкиён бу ҳодисани «варварона ҳаракат» ва «тажовузкорлар содир этган беқиёс жиноятлар рўйхатидаги яна бир қора саҳифа» деб атади.
АҚШ оммавий ахборот воситалари келтирган баёнотда Centcom матбуот котиби Тим Ҳокинс бу хабарларга жиддий қарашини билдирди.
«Фуқароларни ҳимоя қилиш энг устувор аҳамиятга эга ва биз тасодифий зарар хавфини камайтириш учун барча мавжуд чораларни кўришда давом этамиз», – деди у.
Мактаб учта ракета зарбаси билан нишонга олинган
Эронда иш ҳафтаси шанбадан пайшанбагача давом этади, жума эса ягона расмий дам олиш куни ҳисобланади. Шу сабабли мактаб зарба берилган пайтда дарс жараёни бўлган бўлиши мумкин.
Шанба кунги воқеадан сўнг Женевадаги Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой расмийлари жамият тезкор гуруҳларни мактабга юборганини маълум қилди. Расмийлардан бири Хормузгон вилоятидаги Минаб шаҳрида жойлашган мактаб «учта ракета зарбаси билан нишонга олинганини» билдирди.
Мактабдаги фожеа АҚШ ва Исроил шанба куни Эроннинг бир қатор шаҳарларида нишонларга кетма-кет ҳаво зарбалари берган пайтда содир бўлди.
Ҳужумлар якшанба куни ҳам давом этди. Ундан аввал ҳаво зарбаси натижасида Эрон олий раҳбари Али Хоманаий ва унинг кўплаб юқори лавозимли қўмондонлари ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.





