Эрондаги вазият сабаб олтин нархи ошмоқда

02.03.2026 | 13:552 daqiqa

Геосиёсий кескинлик кучайиши инвесторларни хавфсиз активларга йўналтириб, жаҳон бозорида олтин котировкаларини кескин оширди.

Эрондаги вазият сабаб олтин нархи ошмоқда

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши йирик зарбалари ортидан жаҳон бозорида олтин нархи кескин кўтарилди. «Reuters» маълумотига кўра, душанба кунги савдоларда қимматбаҳо металл котировкалари 2,5 фоиздан зиёд ўсиб, бир трой унцияси қарийб 5400 долларга етди.

Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, спот бозорида олтин нархи 5385,70 долларни ташкил этган. Бу сўнгги тўрт ҳафтадаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Савдо сессияси бошида ўсиш 2 фоиз атрофида қайд этилган бўлса, кун давомида динамика янада тезлашган.

Олтин ноаниқликнинг энг асосий барометрига айланган

Ҳозирги пайтда қимматбаҳо металлнинг савдо нархи 5400 доллар атрофида шаклланмоқда. Бозор иштирокчилари геосиёсий хавф-хатарлар ва глобал иқтисодий ноаниқликнинг ортиши туфайли ҳимоя активларига талаб кучайганини таъкидламоқда.

«Эҳтимол, олтин глобал ноаниқликни акс эттирувчи энг яхши барометрдир ва, мажозий маънода айтганда, ҳарорат кўтарилмоқда. Биз бутунлай янги геополитик ноаниқлик даврига кирар эканмиз, олтин нархи қайта баҳоланиб, янги рекорд даражаларга етишини кутиш керак», — деди мустақил таҳлилчи Росс Норман.

Аввалроқ криптоплатформалардаги котировкалар ҳаракати 2 март куни жаҳон бозорлари қандай очилиши мумкинлиги ҳақида прогноз эълон қилган эди:

Нефт нархи

Нефт бўйича муддатсиз контрактлар 5 фоизга ошиб, баррели 70,6 долларга етади.

Олтин ва кумуш: олтин 1,3 фоизга кўтарилиб, бир трой унцияси 5323 долларга етади, кумуш эса 2 фоизга ўсиб, 94,9 долларни ташкил этади. Савдо фаоллиги бўйича кумуш етакчи бўлиб – бир суткадаги ҳажм 227 млн доллардан ошади.

Фонд индекслари: АҚШ акцияларига боғланган индекслар, аксинча, 0,4–0,75 фоизга пасаяди.

Эслатиб ўтамиз, 29 январ куни жаҳон бозорида олтин нархи 5559 долларгача кўтарилиб, тарихий рекордни янгилаган эди. Шу куни бир грамм металл қиймати 178,73 долларни ташкил қилган. Бир кунлик ўсиш 9,3 фоизга, йиллик ҳисобда эса 80 фоиздан ортиқни ташкил этган. Кумуш ҳам сезиларли қимматлашиб, унинг трой унцияси 118,3 долларга етди.

Teglar

Mavzuga oid