Эскроу орқали энг кўп шартнома тузган ҳудудлар маълум қилинди
1–7 апрел кунлари эскроу тизими орқали амалга оширилган энг кўп битимлар Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилоятларига тўғри келмоқда.
© Getty ImagеsЎзбекистонда эскроу механизмлари орқали амалга оширилаётган битимлар сони изчил ўсишни намоён этмоқда. 1–7 апрел кунлари давомида жами рўйхатдан ўтказилган шартномалар сони 6 156 тани ташкил этмоқда.
Шундан 3 904 та битим транспорт воситалари олди-сотдисига тўғри келган бўлса, 2 252 та ҳолатда кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар амалга оширилган.
Ҳудудлар кесимида шартномалар сони
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг юқори фаоллик Тошкент шаҳрида кузатилган бўлиб, бу ерда 1 708 та битим қайд этилган. Шунингдек, Фарғона вилоятида 598 та, Самарқанд вилоятида эса 519 та шартнома амалга оширилгани қайд этилди.

Manba: Markaziy bank
Бошқа ҳудудлар орасида Қашқадарё (350 та), Бухоро (341 та), Хоразм (324 та) ва Сурхондарё (271 та) вилоятларида ҳам муайян даражада фаоллик кузатилган. Энг кам кўрсаткич Навоий вилоятида — 166 та ва Сирдарё вилоятда — 136 та битим қайд этилган.
Мутахассислар таъкидлашича, эскроу ҳисобварағидан фойдаланиш ҳисоб-китобларнинг хавфсизлиги ва шаффофлигини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда эскроу тизими орқали амалга ошириладиган битимлар бўйича хизмат ҳақлари учун аниқ чекловлар жорий этилган. Кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар учун комиссия базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан ошмайди. Амалда бу энг кўпи билан 206 минг сўмгача дегани.
Автотранспорт воситалари бўйича битимларда хизмат ҳақи базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизидан, яъни 103 минг сўмдан ошмаслиги керак.





