add

Facebook ташқи ҳаволалар учун тўловни синовдан ўтказмоқда

Bugun 09:131462 daqiqa

Meta Facebook платформасида ташқи ҳаволалар тарқатишни чеклаш ва уни пуллик обунага боғлаш орқали медиа бозорига янги босим ўтказиши мумкин.

Facebook ташқи ҳаволалар учун тўловни синовдан ўтказмоқда

Meta компанияси Facebook платформасида ташқи веб-ҳаволаларни тарқатишга амалда тўлов жорий этилиши мумкин бўлган янги тизимни синовдан ўтказмоқда. Бу ҳақда 18 декабрь куни The Guardian нашри хабар қилди.

Ушбу қадам ижтимоий тармоқлардан келадиган трафик пасайиб бораётган шароитда рақамли медиа ва янгилик сайтлари учун яна бир жиддий зарба сифатида баҳоланмоқда.

Компания маълум қилишича, ҳозирда «чекланган тест режими» амал қилмоқда. У пуллик Meta Verified обунасига эга бўлмаган фойдаланувчиларга тааллуқли. Янги қоидаларга кўра, бепул аккаунтлар ойига атиги икки марта ташқи ҳаволали пост жойлаштира олади. Чеклов айрим Facebook саҳифалари ҳамда контент яратувчилар фойдаланадиган «профессионал режим»даги профилларга қўлланилмоқда.

Лимитдан чиқиш учун фойдаланувчиларга Meta Verified обунаси таклиф этилмоқда. Facebook огоҳлантириш хабарларида 16 декабрдан бошлаб айрим тасдиқланмаган профиллар ташқи ҳаволаларни ойига икки мартадан ортиқ улаша олмаслиги айтилган. Обуна эвазига эса кўпроқ ҳавола жойлаштириш, тасдиқ белгиси ва қўшимча имкониятлар ваъда қилинмоқда.

Ҳозирча янгилик нашрларининг расмий саҳифалари тестга киритилмаган ва улар ҳаволаларни чекловсиз жойлаштира олади. Аммо мутахассислар асосий хавф айнан оддий фойдаланувчилар ва фикр етакчилари фаолияти билан боғлиқ, деб ҳисоблайди. Агар улар ҳаволаларни камроқ улашса, янгиликлар табиий тарқалиши кескин пасайиши мумкин.

Медиа маслаҳатчилари Meta сўнгги йилларда янгилик контентидан босқичма-босқич воз кечаётганини таъкидламоқда. Илгари нашрларга тўловлар бекор қилингани, айрим мамлакатларда янгилик ҳаволалари тўлиқ блоклангани бу тенденцияни очиқ кўрсатган. Янги эксперимент эса ахборот эркин тарқалишидан кўра қамровни монетизация қилиш устувор аҳамият касб этаётганини англатиши мумкин.

Meta вакили эса бу фақат синов эканини таъкидлаб, мақсад ҳаволалар сонини ошириш имконияти обуна эгалари учун қўшимча қиймат яратиш-яратмаслигини аниқлашдан иборатлигини билдирди.

Teglar

Mavzuga oid