Фойдаланишга топширилмаган уйга одам кўчирганлар 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин
Депутатлар фойдаланишга қабул қилинмаган кўп қаватли уйларга аҳолини жойлаштирганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик жорий этишни маъқуллади.
© vaqt.uzОлий Мажлис Қонунчилик палатаси фойдаланишга расман қабул қилинмаган кўп қаватли уйларга фуқароларни кўчириб киритганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини уч ўқишда қабул қилиб, Сенатга юборди.
Қонун лойиҳасига кўра, буюртмачи ёки пудратчи фойдаланишга қабул қилинмаган кўп қаватли уйга аҳолини кўчириб киритган тақдирда, унга нисбатан тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик қўлланади.
Бош прокурор ўринбосари Салом Самадовнинг маълум қилишича, мамлакат бўйлаб ўтказилган текширувлар давомида қурилиш соҳасида қатор жиддий қонунбузилишлар аниқланган.
Текширувлар етти йиллик даврни қамраб олган. Улар натижасида 383 та кўп қаватли уй шаҳарсозлик ҳужжатлари талабларига риоя этилмасдан, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланмасдан ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмасдан қурилгани маълум бўлган.
Бу уйлардаги 20 мингдан ортиқ хонадон фуқароларга сотиб юборилган. Ҳар бир объект бўйича алоҳида рўйхат шакллантирилган.
Шунингдек, турли қоидабузарликлар сабабли ҳали фойдаланишга топширилмаган, аммо 136 та кўп қаватли уйда 8 мингдан ортиқ аҳоли яшаб келаётгани аниқланган.
Жазо кучайтирилмоқда
Ҳозирги қонунчиликка кўра, бундай қонунбузарлик учун асосан маъмурий жавобгарлик белгиланган. Такроран содир этилган ҳолатдагина жиноий жавобгарлик юзага келади.
Янги қонун лойиҳаси эса Жиноят кодексининг 229³-моддасини янги қисм билан тўлдириб, ушбу ҳаракат учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни жорий этади.
Жазо сифатида уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланмоқда.
Амалдаги жазо самара бермаган
Бош прокуратура маълумотларига кўра, текширувлар натижасида қонунбузарларга нисбатан 619 миллион сўм жарима қўлланилган, 2515 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Бироқ, Салом Самадов таъкидлаганидек, мавжуд чоралар кутилган самарани бермаган. Шу боис қонунчиликни кучайтириш ва мансабдорлар ҳамда қурилиш ташкилотлари масъулиятини ошириш зарур деб топилган.
Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ҳам мазкур ташаббус қурилиш сифати, сейсмик бардошлилик ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг Сергели туманида қурилаётган кўп қаватли уй-жойда жиддий қоидабузарликлар аниқланиб, қурилиш ишлари тўхтатилганлиги ҳақида хабар берилганди.





