Герман Греф: Россияга миллионлаб мигрантлар зарур
Сбербанк раиси Герман Грефнинг ҳисоб-китобларига кўра, яқин йилларда Россияда ишчи кучи танқислиги 2,8 миллиондан 5 миллионгача етиши мумкин.

Сбербанк раҳбари Герман Греф Россия иқтисодиётининг йилига камида 3 фоиз ўсиш суръатига эришиши учун малакали муҳожирлар оқими зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, бусиз мамлакат олдидаги ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни ҳал қила олмайди.
Греф юқори ўсиш суръатлари фақат меҳнат унумдорлигини ошириш ва ишчи кучини кенгайтириш орқали эришиш мумкинлигини уқтирди.
«Сўнгги пайтларда инфляцияга қарши курашга шунчалик берилиб кетдикки, иқтисодий ўсишни бироз унутиб қўйдик. Иқтисодий ўсиш бўлмаса, ҳеч нарса бўлмайди. На ижтимоий муаммоларни, на бошқа масалаларни ҳал қила оламиз», - деди у Россия президенти ҳузуридаги демографик ва оилавий сиёсат бўйича кенгаш йиғилишида.
Сбербанк раҳбари Россия иқтисодиёти 2030 йилгача ўртача жаҳон кўрсаткичидан паст бўлмаган — йилига камида 3,2 фоиз ўсиши лозимлигини таъкидлади. Бироқ, ҳозирги кўрсаткичлар мақсаддан анча узоқ эканини айтди.
У ўз прогнозлари расмий баҳоларга қараганда пессимистикроқ эканини таъкидлади. Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги сентябр ойида 2025-2026 йилларда ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнозини олдинги икки йилдаги 4,3 ва 4,1 фоиздан мос равишда 1,0 ва 1,3 фоизгача пасайтирган.
Греф сўнгги ўн йилликларда Россияда меҳнат унумдорлиги йилига ўртача 1,2 фоизга ошганини эслатди. Президент бу кўрсаткични 2,5 баробар ошириб, 2,7 фоизга етказиш вазифасини қўйган эди.
«Бу таълим ва илм-фанга катта сармоя ва жиддий ҳисса талаб қилади. Капитал танқислиги ва юқори фоиз ставкалари шароитида буни амалга ошириш қийин бўлади. Демографик тенденциялар ҳам иқтисодиётнинг ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Ички ресурслар салоҳияти аллақачон деярли тугаган», - деди Греф.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, яқин йилларда Россияда ишчи кучи танқислиги 2,8 миллиондан 5 миллионгача етиши мумкин. Бу бўшлиқни тўлдиришнинг ягона йўли - мигрантларни фаол жалб қилиш эканини таъкидлади.
«Биз мигрантлар сони бўйича дунёдаги ўнта донорлар қаторига кирамиз, аммо бизда ҳозирча салбий танлов давом этмоқда. Биз асосан паст малакали ишчи кучини жалб қиламиз ва юқори малакали кадрларни йўқотамиз. Бизнинг бутун миграция сиёсатимиз мутахассисларни жалб қилишга қаратилмаган, миграция қонунчилиги эса хорижлик талабаларни мамлакатдан сиқиб чиқармоқда», - деди у.
Греф ҳукуматни миграция сиёсатига ёндашувни ўзгартиришга ва хорижлик талабалар ўқишни тугатгандан кейин Россияда қолишлари учун рағбат яратишга чақирди.





