
Германияда энг юқори маошни ҳиндистонлик мутахассислар оляпти
Германияда ҳиндистонлик мутахассислар энг юқори ўртача маош оляпти: улар немислар ва бошқа муҳожир гуруҳларини техник соҳалар ҳисобидан ортда қолдирди.

Германияда энг юқори даромадга эга ишчилар гуруҳи — ҳиндистонликлар. Бу ҳақда иш берувчиларга яқинлиги билан танилган Германия иқтисодиёт институти (IW) тайёрлаган янги таҳлилда сўз юритилади, деб ёзмоқда DW. Ҳисоботга кўра, 2024 йилда ҳиндистонлик ишчиларнинг ўртача ойлик ялпи маоши 5 393 еврони ташкил этган.
Ушбу кўрсаткич Австрия фуқаролари (5 322 евро), АҚШ фуқаролари (5 307 евро) ва ирландияликлардан (5 233 евро) ҳам юқори. Шу билан бирга, Германия фуқароларининг ўртача ялпи ойлик даромади 4 177 евро бўлган. Мамлакатдаги барча хорижий ишчилар бўйича ўртача кўрсаткич эса 3 204 еврони ташкил этган.
IW мутахассислари ҳиндистонликларнинг юқори даромадини, аввало, уларнинг меҳнат бозоридаги таркибий ўрни билан изоҳлайди. Ҳиндистонлик ишчиларнинг катта қисми MINT соҳалари — математика, информатика, табиий фанлар ва технология йўналишларида фаолият юритади. 2012–2024 йиллар оралиғида Германияда MINT соҳаларида ишлаётган ҳиндистонликлар сони қарийб 9 баробарга ошиб, 32 800 нафардан ошган.
25–44 ёш оралиғидаги тўлиқ иш вақтида ишлайдиган ҳиндистонликларнинг тахминан учдан бири айнан шу соҳаларда банд. Бу эса маош даражаси юқори бўлган техник ва инновацион лавозимларда уларнинг улуши катта эканини кўрсатади.
Ҳисоботда таъкидланишича, бундай ўсиш Германияда таҳсил олаётган ҳиндистонлик талабалар сонининг кескин ортиши билан ҳам боғлиқ. Кўплаб талабалар ўқишни муваффақиятли якунлаб, Германияда қолиб ишлашни давом этмоқда ва илмий тадқиқотлар ҳамда инновацияларга салмоқли ҳисса қўшмоқда. IW маълумотларига кўра, 2000–2022 йиллар оралиғида ҳиндистонлик ихтирочиларнинг йиллик патент аризалари сони 12 баробарга ошган.
IW эксперти Аксел Плюннеке ҳиндистонлик мутахассислар оқимини «алоҳида муваффақият ҳикояси» деб баҳолаб, малакали миграция бўлмаганида Германия иқтисодиётида ўсиш деярли имконсиз бўлишини таъкидлайди.
Тадқиқот Германияда 5 минг нафардан ортиқ тўлиқ иш вақтида ишлайдиган фуқароларга эга давлатлар кесимида олиб борилган бўлиб, Федерал меҳнат агентлиги статистик маълумотларига таянилган.
Энг паст маош олувчилар эса Болгария (2 681 евро), Сурия (2 750 евро) ва Руминия (2 762 евро) фуқаролари бўлиб чиққан. Бу ҳолат мазкур гуруҳларнинг катта қисми малакани талаб қилмайдиган ёрдамчи ишларда банд экани билан изоҳланган.





