
Gmailʼга сунъий интеллект функциялари қўшилди – Google
Янги функциялар электрон хатларни тезкор таҳлил қилиш, жавоб тайёрлаш ва муҳим вазифаларни ўтказиб юбормасликка ёрдам беради.

Google барча фойдаланувчилар учун Gmail платформасида сунъий интеллектга асосланган янги функцияларни жорий этганини маълум қилди. Компанияга кўра, эндиликда электрон почтада хатлар оддий хронологик тартибда эмас, балки фойдаланувчи учун аҳамиятли бўлиши мумкин бўлган мавзулар бўйича қисқача сунъий интеллект хулосалари билан тақдим этилади.
Янги режим Gmailʼнинг хатлар рўйхатини таҳлил қилиб, улар асосида фойдаланувчи бажариши мумкин бўлган амалларни таклиф қилади. Масалан, тиш шифокори қабулини бошқа кунга кўчириш, мураббийга жавоб ёзиш ёки спорт мусобақасида қатнашиш учун тўлов қилиш каби вазифалар автоматик равишда эслатилиши мумкин.
«AI Inbox» деб номланган ушбу функция дастлаб АҚШдаги синов фойдаланувчилари учун ва фақат браузер версиясида ишга туширилади. Кейинчалик эса у барча оддий Gmail фойдаланувчиларига, ҳатто пуллик обунасиз ҳам тақдим этилади. Шу билан бирга, қўллаб-қувватланадиган тиллар ва ҳудудлар рўйхати босқичма-босқич кенгайтирилиши режалаштирилган.
Шунингдек, энди пуллик обунага эга бўлмаган фойдаланувчилар ҳам жавоблар учун шахсийлаштирилган маслаҳатлар, сунъий интеллект ёрдамида тузилган хатлар занжирининг қисқача шарҳлари ҳамда матн ёзишда ёрдам берувчи «Help Me Write» воситасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Илгари бу функциялар фақат обуна эгалари учун очиқ эди.
Бундан ташқари, Google AI Pro ва Google AI Ultra обуналари доирасида Gemini ёрдамида имло текшируви ва электрон почтада интеллектуал қидирув каби янги имкониятлар ҳам жорий этилмоқда. Масалан, «Декабр ойида тишимни қайси стоматологга даволатган эдим?» деган сўров орқали тизим хатлар орасидан керакли контактни топиб бериши мумкин.





