add

Гренландия бош вазири аҳолини АҚШнинг эҳтимолий босқинига тайёрланишга чақирди

Bugun 12:532 daqiqa

Орол раҳбарияти Трамп таҳдидлари ортидан аҳоли ва институтлар фавқулодда сценарийларга тайёр бўлиши кераклигини билдирди.

Гренландия бош вазири аҳолини АҚШнинг эҳтимолий босқинига тайёрланишга чақирди

Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нилсен орол аҳолиси ва маҳаллий ҳокимиятни АҚШ томонидан эҳтимолий ҳарбий босқин сценарийларига тайёргарлик кўришга чақирди. У бу ҳақда орол пойтахти Нуук шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Нильсеннинг сўзларига кўра, куч ишлатилиши эҳтимоли паст бўлса-да, уни тўлиқ истисно этиб бўлмайди, чунки «бошқа томон бундай имкониятни очиқ қолдирган».

У орол ҳукумати аҳоли учун янги тавсиялар ишлаб чиқаётганини билдирди. Жумладан, гренландияликларга камида беш кунлик озиқ-овқат захираси қилиш тавсия этилади. Шунингдек, кундалик ҳаётда эҳтимолий узилишларга тайёргарлик кўриш учун маҳаллий ҳокимият ва хизматлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиши режалаштирилмоқда.

Гренландия бош вазирининг таъкидлашича, Гренландия барча эҳтимолий вариантларга тайёр бўлиши шарт. У орол НАТО аъзоси эканини эслатиб, АҚШ томонидан ҳар қандай эскалация фақат икки томон ўртасидаги масала бўлиб қолмаслигини, балки глобал оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтди.

 

Трампнинг нияти

Гренландия Дания таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланади. АҚШ президенти Доналд Трамп эса оролни АҚШ назоратига олиш ниятини бот-бот такрорлаб келмоқда ва сўнгги кунларда амалий ҳаракатларни тезлаштирган. У бундай позицияни Россия ва Хитой томонидан чиқиши мумкин бўлган хавфлар билан изоҳлаб келади.

Бироқ «Financial Times»га НАТО разведка маълумотларидан хабардор манбалар сўзларига кўра, сўнгги йилларда Гренландия соҳиллари яқинида Россия ёки Хитой ҳарбий кемалари фаолияти қайд этилмаган. Нилсен аввал ҳам орол Дания таркибида ва иттифоқчи тузилмалар доирасида қолиш ниятида эканини айтган.

Трампнинг аннексия ҳақидаги баёнотларидан кейин Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари, жумладан Дания, Германия, Швеция ва Франция Гренландияга ҳарбий контингент юбориб, «Арктик барқарорлик» машқларини ўтказди. Жавоб сифатида Трамп АҚШ режаларини қўллаб-қувватламаган давлатларга нисбатан 10 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилди. Европа Иттифоқи ҳам бу ҳолатда америкалик товарларга қарши жавоб чораларини тайёрламоқда.

Шу фонда НАТО бош котиби Марк Рютте Вашингтонга муқобил таклиф билан чиққан. CNN манбасига кўра, у АҚШ ва Дания ўртасида янги келишув тузишни, 1951 йилдан амал қилиб келаётган Гренландияни ҳимоя қилиш тўғрисидаги шартномани қайта кўриб чиқишни ва Хитой сармояларини чеклаш кафолатларини муҳокама қилишни таклиф этган.

Teglar

Mavzuga oid