add

Гренландиянинг АҚШга сотилиши Киев учун хавфли сигнал

Bugun 14:442 daqiqa

Евроиттифоқнинг Гренландия бўйича заиф позицияси Украинага Европанинг хавфсизликни таъминлаш бўйича имкониятлари чекланганини кўрсатиши мумкин.

Гренландиянинг АҚШга сотилиши Киев учун хавфли сигнал

Буюк Британиянинг нуфузли нашри «The Guardian»нинг ёзишича, Европа Иттифоқининг Гренландияни АҚШга эҳтимолий сотилишига рози бўлиши Украина учун «фожиавий сигнал» бўлади. Нашрнинг таъкидлашича, бу ҳолат Киевга Европа Иттифоқи ташқи босим шароитида ўз аъзолари суверенитетини ҳимоя қилишга қодир эмаслигини намойиш этади.

The Guardian таҳлилига кўра, агар Евроиттифоқ ўз аъзоси ҳисобланган Дания ва унинг автоном ҳудуди бўлган Гренландия суверенитетини ҳимоялай олмаса, Украина Европа томонидан ҳақиқий ва узоқ муддатли қўллаб-қувватловга таяна олмаслигини англаб етади. Бу эса Киевнинг хавфсизликка оид стратегик ҳисоб-китобларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Латвиянинг собиқ бош вазири Кришянис Каринш нашр билан суҳбатда Европа Иттифоқининг АҚШга кучли даражада боғлиқлиги европалик раҳбарларни Вашингтонни очиқ танқид қилишдан тийиб келаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда АҚШ билан тузилган савдо келишуви доирасида Евроиттифоқайрим товарларга 15 фоизлик божларни қабул қилган, бу қарор эса асосан Украина масаласида Америка қўллаб-қувватловини сақлаб қолиш истаги билан боғлиқ бўлган.

Нашрнинг эслатишича, АҚШ президенти Доналд Трамп 1 февралдан Гренландияда ҳарбий машқлар ўтказиш учун қўшин юборган давлатлар товарларига бож жорий этишини маълум қилган. Бу қарор ЕИда жиддий норозилик уйғотган.

«Financial Times» нашрининг маълум қилишича, жавоб чораси сифатида Евроиттифоқ АҚШдан олиб кириладиган 93 млрд евро қийматдаги товарларга нисбатан бож жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу эса трансатлантик муносабатларда янги савдо зиддиятларини келтириб чиқариши мумкин.

«The Guardian» хулосасига кўра, Гренландия масаласидаги ҳар қандай ён бериш фақат Арктика хавфсизлигига эмас, балки Украинадаги уруш фонида Европа Иттифоқининг геосиёсий ишончлилигига ҳам жиддий путур етказади.

Teglar

Mavzuga oid