Ҳар йили 1,2 миллион киши йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлмоқда — БМТ

23.10.2025 | 17:081 daqiqa

БМТнинг ҳисоботига кўра, йўл-транспорт ҳодисалари дунё бўйича энг кўп ўлимларга сабаб бўлаётган омиллардан бирига айланиб, миллионлаб одамлар ҳаётига зомин бўлмоқда.

Ҳар йили 1,2 миллион киши йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлмоқда — БМТ

БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича 1,2 миллионга яқин инсон йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлади. Шунингдек, 50 миллионга яқин киши турли даражада тан жароҳати олади. Бу ҳолат йўлларда хавфсизлик масаласининг ҳали ҳам жуда жиддий эканини кўрсатмоқда.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлашича, йўл-транспорт ҳодисалари дунёдаги ўлим сабаблари орасида саккизинчи ўринни эгаллаб турибди. Унинг фикрича, бу муаммо нафақат иқтисодий йўқотишларга, балки миллионлаб оилаларнинг тақдирига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Ҳисоботда айтилишича, 5 ёшдан катта болалар ва ёшлар орасида йўл ҳодисалари энг кўп ўлимга сабаб бўлаётган ҳолат сифатида қайд этилган. Жабрланувчиларнинг катта қисмини пиёдалар, велосипедчилар ва мототранспорт ҳайдовчилари ташкил этади.

Ташкилот мутахассислари бу глобал муаммога ечим сифатида замонавий ва хавфсиз шаҳарсозликни ривожлантириш, жамоат транспорти инфратузилмасини яхшилаш ҳамда шлем ва хавфсизлик камарларидан мажбурий фойдаланишни тавсия қилган.

«Йўлларда тезликни самарали назорат қилиш, қонун талабларига қатъий риоя этиш ва фавқулодда ҳолатларда тезкор ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш орқали миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин», — дейилади БМТ баёнотида.

Teglar

Mavzuga oid