
Ҳарбий хизматчиларга уй ижараси учун қанча компенсация тўланади?
Контракт асосида хизмат қилувчи ва хизмат жойида уй билан таъминланмаган ҳарбийлар ҳар ой ижара учун пул компенсацияси олади.

Қонунчиликка мувофиқ, контракт асосида хизмат қилаётган ҳамда хизмат ўташ жойи бўйича турар жой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга уй ижараси учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади. Мазкур тўлов вазирлик ва идоралар тизимида хизмат қилаётган ҳарбийлар учун амал қилади.
Тегишли низомга кўра, компенсация фақат амалдаги ижара сарф-харажатлари доирасида берилади. Коммунал хизматлар учун тўловлар ушбу компенсация таркибига киритилмайди. Яъни, давлат томонидан қоплаб бериладиган сумма фақат уй ижараси билан боғлиқ харажатларни ўз ичига олади.
Пул компенсацияси турар жой ижарага олинган кундан бошлаб ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳарбий хизматчи хизмат ўташ жойига амалда келиб, хизматни бошлаганидан сўнг тўлов амалга оширилади. Бу тартиб компенсациянинг асосли ва адолатли тўланишини таъминлашга қаратилган.
Ҳар ойлик компенсациянинг энг юқори миқдори базавий ҳисоблаш миқдорига боғланган. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич БҲМнинг 4,8 бараваригача, Нукус шаҳри ва вилоят марказларида 3,6 бараваригача этиб белгиланган. Республикадаги бошқа шаҳарлар, туман марказлари ва аҳоли пунктларида эса компенсация миқдори БҲМнинг 2,4 бараваригача тўланади.
Агар ҳарбий хизматчининг оила аъзолари сони уч нафар ёки ундан ортиқ бўлса, белгиланган компенсация миқдорлари 50 фоизга оширилиши назарда тутилган. Бу норма кўп болали оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.
Низомда компенсациянинг тўғри ва ўз вақтида тўланиши учун масъулият тўловни амалга оширувчи орган раҳбари, уй-жой комиссияси ҳамда ваколатли назорат органлари зиммасига юклатилган.





