Ҳаво қатновидаги узилиш Дубай учун қимматга тушмоқда

03.03.2026 | 20:532 daqiqa

Яқин Шарқдаги кескинлик сабаб дунёдаги энг йирик халқаро авиация хабларидан бирининг фаолияти издан чиқди.

Ҳаво қатновидаги узилиш Дубай учун қимматга тушмоқда © Foto: NDTV.com

Яқин Шарқда юзага келган ҳарбий кескинликлар фонида Дубайдаги икки йирик аэропорт — «Dubai International» ва «Al Maktoum International» фаолиятида узилишлар юзага келди. Юзлаб авиарейслар бекор қилинди ёки бошқа манзилларга йўналтирилди. Бу ҳолат шаҳар иқтисодиётига кунига юзлаб миллион доллар миқдорида зарар келтирмоқда. Бу ҳақда NDTV World хабар берди.

Йўловчи оқими

Маълумотларга кўра, Дубай халқаро аэропорти 2023 йилда 87 миллион йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, 2025 йилнинг биринчи чорагида 23,4 миллион киши ушбу транзит маркази орқали парвоз қилган. Бу кунига ўртача 260–270 минг йўловчи қатнайди, деганидир. 2026 йилнинг 3 январида эса бир кунлик рекорд кўрсаткич — 324 минг йўловчи қайд этилган.

Авиакомпаниялар учун молиявий хавф

Қайд этилишича, бу вазиятнинг марказида «Emirates» авиакомпанияси турибди. Компания 2025–2026 молиявий йилнинг биринчи ярмида 65,6 миллиард дирҳам миқдорида тушумга эга бўлган. Бу эса кунига ўртача 360–370 миллион дирҳам, яъни қарийб 100 миллион доллар даромад деганидир. Парвозларнинг бир кунга тўлиқ тўхтатилиши ҳам компаниянинг молиявий айланмасига катта хавф туғдиради. Шунингдек, «flydubai» ҳамда Дубай орқали қатнайдиган юздан ортиқ хорижий авиакомпаниялар ҳам бундан жиддий зарар кўради.

Дубай ҳукумати вакиллари аввалроқ Дубай халқаро аэропорти фаолиятининг кутилмаганда тўхтатилиши иқтисодиётга ҳар дақиқада тахминан 1 миллион доллар зарар келтиришини маълум қилган. Бу 24 соатлик тўхташ юзлаб миллион, ҳатто 1 миллиард доллардан ортиқ кечиктирилган ёки йўқотилган фаолиятга тенг бўлиши мумкинлигини англатади.

Иқтисодиётга таъсир

Таъкидланишича, авиация соҳаси Дубай иқтисодиётининг асосий таянчи ҳисобланади. 2023 йилда мазкур тармоқ 137 миллиард дирҳам (қарийб 37 миллиард доллар) миқдорида даромад келтирган ва бу шаҳар ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 27 фоизини ташкил этган. Туризм соҳасини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, ушбу кўрсаткич 180 миллиард дирҳамга етади.

Молия бозорлари ҳам бу вазиятга ўз муносабатини билдира бошлади. Ҳарбий зарбалардан сўнг Дубайнинг асосий фонд индекси 1–2 фоизга пасайди. Бунинг ортидан инвесторлар авиакомпаниялар ва банкларнинг келгуси даромадларини қайта кўриб чиқмоқда.

Teglar

Mavzuga oid