Ҳиндистонда Россия нефти нархи 100 долларга яқинлашди

Bugun 07:552 daqiqa

Эрондаги уруш ва АҚШ санкцияларининг юмшатилиши Россия нефт компаниялари учун «олтин давр»ни бошлаб берди: Ҳиндистон портларида «Urals» навининг нархи рекорд даражада кўтарилди.

Ҳиндистонда Россия нефти нархи 100 долларга яқинлашди

«Bloomberg» нашрининг «Argus» маълумотларига таяниб хабар беришича, 13-март куни Ҳиндистонда Россиянинг «Urals» нефти бир баррели учун 98,93 долларни ташкил этди. АҚШ ва Исроил Эронга илк зарбаларни берган 27 февралдан буён ушбу нав нархи қарийб 40 долларга ёки 70 фоизга ўсди. Бу 2022-йилдан бери, яъни Россия Ҳиндистон бозорига йирик ҳажмда экспорт қилишни бошлаган даврдан буён энг юқори кўрсаткичдир.

Доналд Трамп маъмурияти Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводларига танкерларда йиғилиб қолган Россия нефтини 11 апрелгача сотиб олишга рухсат бергач, «Urals» ва «Brent» ўртасидаги фарқ 4,8 долларгача қисқарди. Россия портларида эса нефт баррели 73,73 доллар атрофида баҳоланмоқда. Орадаги қарийб 25 долларлик фарқ санкцияларни айланиб ўтиб юк ташувчи воситачилар ҳисобига ўтса-да, ҳозирги нархлар Россия бюджетида кўзда тутилган 59 долларлик меъёрдан анча юқори.

 

Бюджет учун қўшимча даромад

«Financial Times» ҳисоб-китобларига кўра, нефт нархининг кўтарилиши Россия бюджетига ҳар куни тахминан 150 млн доллар (12 млрд рубл) қўшимча даромад келтирмоқда. Бу йил бошидаги оғир вазиятдан сўнг ҳукумат учун ҳақиқий нажот бўлди: январ-феврал ойларида нефт-газ тушумлари икки баробарга камайиб, бюджет тақчиллиги 3,5 трлн рублга етган эди.

Эронга ҳужум ва хомашё бозоридаги ижобий конъюнктура, агар узоқ давом этса, бюджетдаги «туйнук»ни сезиларли даражада камайтириши мумкин. Иқтисодчи Дмитрий Полевойнинг фикрича, йил охиригача нефт нархи барқарор сақланиб қолса, йиллик бюджет тақчиллиги Молия вазирлиги кутган 3,8 трлн рубл ўрнига 1–1,5 трлн рублгача қисқариши мумкин.

 

Харажатларни қисқартириш режаси

Нефт нархи ошиши РФ Молия вазирлигига бироз «нафас олиш» имкониятини берса-да, бюджет муаммоларини тўлиқ ҳал эта олмайди. «Freedom Finance» таҳлилчиси Владимир Черновнинг таъкидлашича, давлат харажатлари кескин ошгани сабабли фақат қиммат нефт билан вазиятни ўнглаб бўлмайди. Шу сабабли Россия ҳукумати нефт нархидан қатъи назар, бюджет харажатларини 10 фоизга қисқартириш масаласини кўриб чиқмоқда.

«Bloomberg» манбаларига кўра, ижтимоий ва мудофаа соҳаларидан ташқари барча харажатларни қисқартириш орқали ҳукумат 2 трлн рублни тежаб қолмоқчи. Бундан асосий мақсад — Миллий фаровонлик жамғармасининг (МФЖ) қолган маблағларини асраб қолиш ва иложи бўлса, жамғармани яна тўлдиришни бошлашдир.

Teglar

Mavzuga oid