ИИОнинг ҳибсдаги собиқ раҳбарлари озодликка чиқарилгани айтилди
Давлат манфаатларига 186 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтирган ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Жазони ижро этиш бош бошқармаси собиқ раҳбари Рустам Турсунов дохил 7 нафар мулозим зарарни қоплагани муносабати билан озодликка чиқарилгани айтилди.

Орасида ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш бош бошқармаси собиқ раҳбари Рустам Турсунов ҳам бўлган 7 нафар собиқ мулозим кеча, 15 апрел куни кечқурун озодликка чиқарилди. Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов хабар берди.
«Зарарни қоплагани муносабати билан озод қилинган раҳбарларга қўлланилган чора 60 дан ортиқ бошқа айбланувчиларда ҳақли норозиликка сабаб бўлмоқда. Воқеалар ривожини кузатамиз ва расмийлардан икки энлик изоҳ кутамиз», – деб ёзади Ташанов.
Улар нега қамоққа олинганди?
Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов қамоққа олингани ҳақидаги гаплар жорий йил январ ойида болалаганди. Ўшанда икки мулозим йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштиргани айтилган.
27-январ куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида Бекмурод Абдуллаев нима сабабдан ишдан олингани маълум қилди.
«Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм буджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Б.Абдуллаев ва департамент бошлиғи Р.Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди», – дейилди селекторда.
Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов ким эди?
2025-йилнинг ноябр ойи бошида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Бекмурод Тожимирзаевич Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимидан, Президент фармойиши билан Рустам Раҳмонович Турсунов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилган эди.
Бекмурод Абдуллаев 2021-йилнинг апрел ойида президентнинг тегишли қарорига асосан Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган эди. Унгача у Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
2025-йилнинг ноябр ойи бошида президентнинг қарори билан Бекмурод Тожимирзаевич Абдуллаев ички ишлар вазирининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилган.
Рустам Турсунов эса Навоий вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритган ва 2021-йилнинг феврал ойида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган эди. У ҳам ўтган йил ноябр ойида президент фармойиши билан Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилган эди.





