
Ижара хизматлари ҳажми қарийб 11,6 трлн сўмга етди
Ўзбекистонда ижара хизматлари ҳажми қарийб 20 фоизга ўсди. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида қайд этилди.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида ижара хизматлари ҳажми 11,6 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда 19 фоизга ўсди.
Ижара хизматлари ҳажмининг ўсишини аҳоли ва бизнес томонидан турар жой ҳамда тижорат биноларига бўлган талаб ошиши билан изоҳланади. Айниқса, шаҳарларда тадбиркорлик фаолиятининг кўпайиши, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасида янги объектлар очилиши ижара хизматлари ҳажмини оширди.
Етакчи ҳудудлар
Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Пойтахтда ижара хизматлари ҳажми 4 трлн сўмни ташкил этган. Бу Тошкентда аҳоли зичлиги юқорилиги, бизнес ва хизматлар инфратузилмаси кенг ривожлангани билан боғлиқ.
Вилоятлар орасида Тошкент вилояти 1,3 трлн сўм билан етакчи ўринни эгаллади. Шунингдек, Самарқанд вилоятида ижара хизматлари ҳажми 1,2 трлн сўмга етган. Фарғона вилоятида бу кўрсаткич 817,8 млрд сўм, Қашқадарё вилоятида эса 644,9 млрд сўмни ташкил этган.
Қорақалпоғистон Республикасида ижара хизматлари ҳажми 425,3 млрд сўм, Андижонда 693,8 млрд сўм, Бухорода 633,44 млрд сўм даражасида қайд этилган.
Энг паст кўрсаткичлар Сирдарё вилоятида 178,3 млрд сўм ва Навоий вилоятида 225,7 млрд сўм атрофида бўлган.
Кўчмас мулк бозори ҳам ўсмоқда
Маълумот ўрнида, 2025 йил январ—октябр ойларида Ўзбекистонда кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар ҳажми 21 триллион сўмга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,4 фоизга ошган.
Шунингдек, 2025 йилнинг ноябр ойида Ўзбекистонда уй-жой олди-сотдиси 13,2 фоизга ошгани ва ижара нархлари ўсишда давом этаётгани ҳақида хабар бергандик.





