«Instagram» ота-оналарга огоҳлантирувчи хабарлар юборади

27.02.2026 | 12:351 daqiqa

«Meta»га тегишли «Instagram» ўсмирлар ўз жонига қасд қилиш мавзусида контент қидирганда, ота-оналарга автоматик хабар юборади.

«Instagram» ота-оналарга огоҳлантирувчи хабарлар юборади

Янги функция келаси ҳафтадан бошлаб ишга туширилади ва «Instagram»нинг «назорат воситалари»дан фойдаланаётган ота-оналарга тегишли бўлади. Агар ўсмир қисқа вақт ичида ўзини жароҳатлаш ёки суиқасдга оид атамаларни бир неча бор қидирса, тизим огоҳлантириш юборади. Хабар электрон почта, SMS, WhatsApp ёки илованинг ўзи орқали етказилади.

Компания маълумотига кўра, билдиришномада нафақат қидирув ҳақида ахборот, балки руҳий саломатлик бўйича нозик мулоқотни қандай олиб бориш юзасидан тавсиялар ҳам бўлади. Meta таъкидлашича, ўсмирларнинг аксарияти бундай контентни қидирмайди. Аммо шундай ҳолат кузатилса, платформа қидирув натижаларини блоклаб, фойдаланувчини ёрдам хизматлари ва ишонч телефонларига йўналтиради.

Ота-онага хабар юборилиши учун аниқ неча марта қидирув амалга оширилиши кераклиги очиқланмаган. Компания буни «қисқа вақт ичида бир неча бор уриниш» деб изоҳлаган.

Тизим қайси давлатларда ишга туширилади

Янги хавфсизлик тизими дастлаб АҚШ, Буюк Британия, Австралия ва Канадада жорий этилади. Йил охиригача бошқа ҳудудларга ҳам кенгайтириш режалаштирилган.

Бу чоралар Лос-Анжелесда Meta ва YouTube’га қарши давом этаётган суд ишлари фонида амалга оширилмоқда. Компаниялар ўсмирларда ижтимоий тармоқларга қарамликни рағбатлантирганликда айбланмоқда. Meta раҳбари Марк Сукерберг судда ўсмирлар ёшини текшириш муаммоли эканини тан олган. Ҳозирда «Instagram» туғилган сана, шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва видео-селфи орқали ёшни аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid