Ипотека бозорида қайси банклар етакчи?
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ипотека кредитлари ҳамда уй-жой қурилишини молиялаштириш бўйича банклар фаоллиги рейтингини эълон қилди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaИқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026-йил 1-июн ҳолатига тижорат банкларининг уй-жой бозори ва ипотека кредитлаш соҳасидаги фаоллигини баҳоловчи комплекс рейтингни эълон қилди. Рейтингда ипотека кредитлари ажратиш ва уй-жой қурилишини молиялаштириш йўналишлари бўйича банкларнинг фаоллик кўрсаткичлари келтирилган.
Ипотека кредитлари бўйича
Аҳолига ипотека кредитлари ажратиш бўйича рейтингда биринчи ўринни «Xalq banki» эгаллади. Кейинги ўринлардан «Milliy bank» ва «Ipotekabank» жой олди. Тўртинчи ўрин «O‘zsanoatqurilishbank», бешинчи ўрин «Mikrokreditbank», олтинчи ўрин «Asakabank», еттинчи ўрин «Agrobank»» ҳиссасига тўғри келди. Шунингдек, кучли ўнталикдан «Turonbank», «Orient Finans Bank» ва «Trastbank» ҳам ўрин олган.
Баҳолаш мезонлари
Ипотека кредитлаш йўналишида банклар фаоллиги 10 та вазнли мезон асосида баҳоланган. Энг катта улуш кредитлар ажратишнинг йиллик ўсиш суръати ва банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан берилган ипотека кредитлари ҳажмига тўғри келган.
Шунингдек, жорий йилдаги ипотека портфели ҳажми, портфел сифати, фоиз ставкалари ҳамда давлат субсидияси асосидаги дастурлар улуши ҳам инобатга олинган.
Уй-жой қурилишини молиялаштириш
Уй-жой қурилишини молиялаштириш йўналишида эса биринчи ўринни «Агробанк» эгаллади. Кейинги поғоналарга «Бизнесни ривожлантириш банки» ва «Миллий банк» жойлашди.
Кучли ўнталикнинг қолган қисмида «Hamkorbank», «Xalq banki», «Turon bank», «O‘zsanoatqurilishbank», «Aloqabank», «Ipotekabank» ва «Mikrokreditbank» қайд этилди.
Рейтингни шакллантиришда пудратчи ва девелоперларга ажратилган жорий ҳамда уч йиллик кредитлар ҳажмига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, молиялаштириш ўсиш суръати, банкнинг ўз маблағлари улуши ва девелоперлар портфели сифати ҳам асосий мезонлар қаторига киритилган.
Эълон қилинган рейтинг ипотека ва қурилиш соҳасида қайси банклар фаолроқ иштирок этаётганини кўрсатади. Бироқ вазирлик бу натижаларни банкларнинг умумий молиявий аҳволи ёки ишончлилигига берилган баҳо сифатида қабул қилмаслик лозимлигини таъкидлади.

Маълумот учун, 2026-йил 29-июн ҳолатига кўра, энг паст ипотека фоиз ставкасини 19,1 фоиз билан «Orient Finans bank» таклиф қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 1-июлдан Ўзбекистонда «Мақсадли ипотека омонати» механизми тажриба-синов тариқасида жорий этилди. Янги тартибга кўра, ипотека кредити бўйича субсидия ажратиш ҳақида ижобий хабарнома олган фуқаролар ихтиёрий равишда тижорат банкида махсус ипотека омонатини шакллантиради.





