Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов: «Ҳар бир ўзбекистонликнинг даромади олти баробарга ошса, кейин Қозоғистонга етиб оламиз»

07.07.2025 | 13:304 daqiqa

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг фикрича, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръатлари Қозоғистон даражасига етиши учун камида 30 йил талаб этилади. Аммо бу жараённинг амалга ошиши ҳам катта шубха остида қолмоқда.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов: «Ҳар бир ўзбекистонликнинг даромади олти баробарга ошса, кейин Қозоғистонга етиб оламиз»
Иқтисодчи Бехзод Ҳошимов Cactuz подкастида Ўзбекистон иқтисодиётининг Қозоғистонга етиб олиши амримаҳол эканлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ривожланган ва камбағал мамлакатлар иқтисодий ўсиш суръатлари ўртасида катта фарқ бор. Ҳошимов мисол тариқасида АҚШда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) аҳоли жон бошига 76 минг доллардан ошишини, Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич бор-йўғи 3 минг доллар эканини таъкидлади. Унинг фикрича, камбағал мамлакатда ҳатто 5 фоизлик иқтисодий ўсиш ҳам аҳоли даромадига катта таъсир кўрсатмайди. Иқтисодчига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти йиллик 5 фоизлик ўсиш билан юқори натижага етиши қийин. Мулоҳаза қилинишича, мамлакат иқтисоди камида 8 фоиздан ўсиши лозим, шунда ҳам Қозоғистон даражасига етиб олиш учун тахминан 30 йил талаб этилади. «Биз шунчалик камбағалмизки, Қозоғистон даражасига етишимиз учун ҳар бир фуқаронинг даромади олти баравар ошиши керак. Қозоғистонда аҳоли жон бошига ЯИМ 14 минг доллар бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 3 минг доллар атрофида. Агар 10 йил давомида 5 фоиздан ўсишга эришсак ҳам, улар даражасига етиб олишимиз жуда қийин», деди Беҳзод Ҳошимов. Иқтисодчининг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳатто дунё бўйича ўртача даромадга эга давлатлар қаторига киришида ҳам муаммолар бор. Чунки доимий 5 фоизлик ўсишни таъминлашнинг ўзи ҳам шубҳали ҳисобланади. Маълумот учун, 2024 йилда Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти 288 млрд долларни ташкил этган бўлиб, бу аҳоли жон бошига 14 минг доллардан ортиқни ташкил қилади. Ўша йили мамлакат аҳолиси 20,2 млн киши бўлган. Ўзбекистонда эса ЯИМ 115 млрд долларга етган ва жон бошига 3 минг 92 доллар тўғри келган. Бу кўрсаткич 37,2 млн аҳолига нисбатан ҳисобланган.

Teglar

Mavzuga oid