add

Иқтисодчи сўм долларга нисбатан қадрсизланаётганининг 3 та сабабини айтди

Kecha 23:152 daqiqa

Ўзбек миллий валютаси (сўм) дунёнинг асосий ва минтақавий валюталарига нисбатан қадрсизланмоқда.

Иқтисодчи сўм долларга нисбатан қадрсизланаётганининг 3 та сабабини айтди

Ўзбек сўми кетма-кет учта сессиядан буён долларга нисбатан қадрсизланмоқда. Таҳлилларга кўра, охирги уч кун ичида сўм долларга нисбатан 1,3 фоизга қадрсизланган. Сўнгги куннинг ўзида долларнинг мустаҳкамланиши 0,6 фоизни ташкил этган. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, бу ҳолат бир нечта муҳим омиллар билан боғлиқ.

Холбоевга кўра, сўнгги уч кунда сўм фақатгина учта валютага нисбатан мустаҳкамланган. Хусусан бу даврда миллий валютанинг Эрон риалига нисбатан 95,8 фоизга, Украина гривнасига нисбатан 0,1 фоизга ҳамда Венесуэла боливарига нисбатан 3,8 фоизга қадри ошган.

«Яъни сўм бу даврда мустаҳкамланган валюталар нотинчлик ҳукм сураётган ва геосиёсий кескинликларнинг марказида бўлган давлатлар валютаси ҳисобланади», - демоқда у.

Бироқ, дунёнинг асосий ва минтақавий валюталарига нисбатан сўмнинг ҳолати пасайиш трендида қолмоқда. Иқтисодчининг кузатувларига кўра, мазкур даврда сўм йирик валюталардан франкка нисбатан 1,2 фоизга, иенага нисбатан 1,4 фоизга евро ҳамда фунтга нисбатан 1,3 фоизга, шунингдек, асосий савдо ҳамкоримиздан Россия рублига нисбатан 1,7 фоизга, юанга нисбатан 1.3 фоизга ҳамда тенгега нисбатан 1,8 фоизга қадрсизланган.

«Яъни сўмнинг бир нечта муаммоли валюталардан ташқари бошқа валюталарга нисбатан қадрсизланиши валюта курси шаклланишида ички омиллар (масалан ялпи талаб) доминантлик қилаётганлигини кўрсатиши мумкин», - дейди Миркомил Холбоев.

Қайд этилишича, аввалги йилларнинг айни даврида (йил боши) ҳам сўмнинг долларга нисбатан 0,2-0,3 фоиз атрофида қадрсизланиши кузатилган. Унга кўра, йилнинг бошланиши билан сўмнинг қадрсизланишида мавсумий факторларининг (хорижий валютага мавсумий талабнинг ортиши) ҳам роли бўлиши мумкин.

Шунингдек, жорий йил бошидан буён доллар индекси 0,4 фоизга мустаҳкамланган. Иқтисодчи буни жорий йилнинг илк кунларида сўм қадрсизланишининг олдинги йилларга нисбатан йирикроқ шаклланаётгани билан изоҳлади.

«Ҳозирча бир неча кунлик ўзгаришлардан узоқ муддатли тренд ҳақида қандайдир хулоса чиқариш жудаям қийин. Лекин бир неча кунлик қадрсизланишга қарамасдан сўм курсига ҳозирча қандайдир йирик босимлар менимча мавжуд эмас», - дея ёзди у Телеграм-каналида.

Teglar

Mavzuga oid