add

Иқтисодиётда гендер тенглиги ўзбекистонликлар даромадини 29 фоизга оширади — Марказий банк

Kecha 14:252 daqiqa

Ўзбекистонда аёллар ва эркаклар ўртасида тенгликни таъминлаш аҳоли даромадини қарийб учдан бирига ошириши мумкин. Марказий банк 2025 йил якунлари учун We Finance Code ҳисобитини тақдим қилди.

Иқтисодиётда гендер тенглиги ўзбекистонликлар даромадини 29 фоизга оширади — Марказий банк

Ўзбекистонда 2023 йилдан бошлаб аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун We Finance Code ташаббуси йўлга қўйилган. Марказий банк бу бўйича 2025 йилги ҳисоботни тақдим қилди.

2025 йил якуни бўйича, мамлакат доимий аҳолиси сони 38 миллион кишидан ортиқ бўлиб, унинг тахминан 49 фоизи аёллар (18,9 миллион атрофида).

Меҳнатга лаёқатли аҳоли (15-64 ёш) орасида 10 миллиондан ортиқ аёллар бўлиб, улар меҳнатга лаёқатли жами аҳолининг қарийб 47 фоизини ташкил этади.

Жаҳон банкининг сўнгги ҳисоботига кўра, аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки 45 фоиздан ошмайди. Аёллар ва эркаклар ўртасида иқтисодий фаолиятда тенг иштирокни таъминлаш Ўзбекистон миллий даромадини тахминан 29 фоизга ошириши мумкин.

McKinsey маълумотларига кўра, аёллар ўз бизнесини бошлашда оилавий ва уй мажбуриятлари тўсиқ бўлишини эркакларга нисбатан икки баробар кўпроқ қайд этади.

Жаҳон банкининг таҳлиллари шуни кўрсатадики, аёлларнинг 60 фоиздан ортиғи меҳнат бозорида иштирок этишда болалар ва кексалар парвариши билан боғлиқ мажбуриятларни асосий тўсиқ сифатида кўрсатади.

БМТ Тараққиёт Дастурининг тадқиқотларига кўра эса, аёлларнинг 48 фоизи иш ва оилавий мажбуриятларни мувозанатлашда жиддий қийинчиликларга дуч келади.

Молиявий секторда гендер тенгликни тизимли ташкил этиш мақсадида 2025 йилга келиб 15 та банк Марказий банкнинг ички гендер тенглик сиёсатини қабул қилган.

Таъкидланишича, қилинаётган ишлар натижасида иқтисодиётда аёллар фаоллиги йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Аёл тадбиркорлар улуши қарийб 40 фоизга етди

2022 йилда мамлакатда тахминан 500 минг кичик ва ўрта корхона фаолият юритган бўлиб, уларнинг 187 мингтаси аёл тадбиркорлар томонидан бошқарилган.

2025 йилга келиб, бу рақам сезиларли даражада ошди ва ҳозирда мамлакат бўйлаб 801 мингдан ортиқ кичик ва ўрта бизнес корхоналари фаолият юритмоқда, улардан 225 мингтаси аёл раҳбарлар томонидан бошқарилмоқда.

photo_2026-02-09_13-08-51

Аёл тадбиркорларнинг умумий кичик ва ўрта бизнес эгаларидаги улуши 39,6 фоизни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, мамлакат бўйлаб жами 5,2 миллион ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 2,1 миллионини аёллар ташкил этади.

2020–2025 йиллар давомида аёллар бизнесини молиялаштириш ҳам сезиларли даражада ўсди. Кредитлар сони 100 790 тадан 403 872 тага етиб, 300 фоизга ўсди, умумий кредит ҳажми эса 4,9 триллион сўмдан 22,7 триллион сўмга ошиб, 364 фоизга ўсди.

Айни пайтда We Finance Code Миллий Коалисияси аъзолари сони 19 та бўлиб, улардан 11 таси банк ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid