add

Ироқ «Lukoil»нинг энг йирик активини миллийлаштирди

Kecha 08:582 daqiqa

Ироқ ҳукумати АҚШ санкциялари сабаб нефт қазиб олиш тўхтаб қолмаслиги учун «Lukoil» улушига эга «Ғарбий Қурна–2» конини вақтинча миллийлаштиришга қарор қилди.

Ироқ «Lukoil»нинг энг йирик активини миллийлаштирди

Ироқ ҳукумати мамлакатдаги энг йирик халқаро нефт активларидан бири — «Ғарбий Қурна–2» конидаги қазиб олиш қувватларини миллийлаштиришга қарор қилди. Бу қарор АҚШ санкциялари сабаб Россиянинг «Lukoil» компанияси иштирокидаги лойиҳада иш тўхтаб қолиш хавфини бартараф этиш мақсадида қабул қилинган. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Қарорга мувофиқ, давлатга қарашли «Basra Oil Company» келгуси 12 ой давомида конни тўлиқ бошқариб туради. Ноябр ойида «Lukoil» АҚШ санкциялари киритилганидан кейин ушбу лойиҳада форс-мажор эълон қилган эди. Санкциялар Доналд Трамп маъмуриятининг Россия энергетика секторига иқтисодий босим орқали Украинадаги урушни тўхтатиш стратегияси доирасида жорий этилган.

АҚШ Молия вазирлиги талабларига кўра, «Lukoil» 2026 йил 17 январга қадар хориждаги активларидан тўлиқ чиқиб кетиши керак. Шу сабаб Ироқ ҳукумати нефт қазиб олиш узилиб қолмаслиги учун вақтинчалик давлат бошқарувини жорий этмоқда.

«Basra Oil Company»нинг маълум қилишича, асосий мақсад — кунига 465–480 минг баррелни ташкил этувчи барқарор қазиб олиш ҳажмини сақлаб қолиш. Кон ҳисобварақларидаги маблағлар маҳаллий ходимларга маош тўлаш ва субпудратчилар хизматлари учун ишлатилади.

Ироқ ҳукумати келаси йил давомида россияликларга тегишли бўлган 75 фоиз улуш учун янги стратегик инвестор излашни режалаштирмоқда. Манбаларга кўра, бу активга қизиқиш билдирган инвесторлар орасида «Exxon Mobil», «Chevron» ҳамда «Carlyle» инвестиция компанияси бор.

«Ғарбий Қурна–2» кони Ироқ умумий нефт қазиб олиш ҳажмининг тахминан 9 фоизини, жаҳон таъминотининг эса 0,5 фоизини таъминлайди. Ушбу активдан айрилиш «Lukoil» учун жиддий иқтисодий йўқотиш ҳисобланади, чунки бу компаниянинг энг йирик хорижий лойиҳаси эди.

Teglar

Mavzuga oid