Ўзбекистонда молиявий муаммога учраган банкларни сақлаб қолиш тартиби белгиланди
Бундай банкларни бошқа банкка ўтказиш, вақтинча оралиқ банк ташкил этиш ёки айрим қарзларини ҳисобдан чиқариш мумкин. Банк кўрган зарарни эса биринчи навбатда унинг акциядорлари қоплайди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaАдлия вазирлиги Марказий банк бошқарувининг банкларни санация қилиш тартибини белгиловчи низомини 2026-йил 16-ноябрда давлат рўйхатидан ўтказди.
Санация молиявий қийинчиликка учраган банк фаолиятини тиклаш ва унинг муҳим хизматлари узлуксиз ишлашини таъминлаш чораларини англатади. Янги низомда бундай банкларни сақлаб қолиш механизмлари, бошқарув тартиби ҳамда зарарларни қоплаш қоидалари белгиланган.
Банкни санация қилиш қарорини ким қабул қилади?
Банкни санация қилиш тўғрисидаги қарорни Марказий банк бошқаруви қабул қилади. Қарорда банкнинг молиявий аҳволи, санацияни бошлаш сабаблари ва уни сақлаб қолиш учун кўриладиган чоралар белгиланади. Зарур ҳолларда давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Низомга кўра, банкни санация қилишда учта асосий воситадан фойдаланиш мумкин.
Биринчи усулда муаммога учраган банкнинг акциялари, активлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари бошқа банк ёки ташкилотга ўтказилади.
Иккинчи усулда банкнинг муҳим хизматлари тўхтаб қолмаслиги учун вақтинча оралиқ банк ташкил этилади.
Учинчи усул эса банк капиталининг айрим қисмлари ва бошқа мажбуриятларини ҳисобдан чиқариш ёки уларни акцияларга айлантиришни назарда тутади.
Оралиқ банк муаммога учраган банкнинг айрим активлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини вақтинча ўз зиммасига олади. У 12 ойгача фаолият юритади. Зарур бўлса, бу муддат яна 12 ойга узайтирилиши мумкин. Кейинчалик оралиқ банк бошқа ташкилотга сотилиши ёки унинг активлари ва мажбуриятлари бошқа банкка ўтказилиши мумкин.
Санация даврида банкни ким бошқаради?
Санация тўғрисидаги қарор кучга киргач, акциядорлар умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва банк бошқарувининг ваколатлари Марказий банкка ўтади. Марказий банк акциядорлар ёки бошқа манфаатдор томонларнинг розилигисиз махсус бошқарувчини тайинлаши ёхуд банкнинг янги бошқарув органларини шакллантириши мумкин.
Махсус бошқарувчи банк фаолиятини назорат қилади, ходимлар билан боғлиқ қарорлар қабул қилади, банкнинг мол-мулки ва ахборот тизимларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, у банкдаги активлар ва мажбуриятларни хатловдан ўтказиши мумкин. Бошқарувчи Марказий банкка камида ҳар чоракда ҳисобот беради. Банкнинг молиявий аҳволини ёмонлаштириши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида эса дарҳол хабар қилиши керак.
Банкнинг активлари ва мажбуриятлари қандай ўтказилади?
Банкнинг активлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа банкка ўтказишда акциядорлар, омонатчилар ва кредиторларнинг розилиги талаб қилинмайди. Бунинг учун мавжуд шартномаларни ўзгартириш ёки омонатчилар билан янги ҳисобварақ шартномаларини тузиш ҳам шарт эмас.
Бунда актив ва мажбуриятларни қабул қиладиган банкнинг уларни бошқариш, шунингдек, муҳим банк хизматларини давом эттириш имконияти баҳоланади. Агар фақат битта банк ёки ташкилот таклиф билдирган бўлса ҳам, Марказий банк активлар ва мажбуриятларни унга ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.
Банк зарарини акциядорлар қоплайди
Санация вақтида банк кўрган зарарни биринчи навбатда унинг акциядорлари қоплайди. Ҳар бир акциядор банкдаги улушига қараб жавоб беради. Бунда у тўлайдиган зарар ўз акциялари қийматидан ошмайди.
Агар акциядорлар ҳисобидан зарарни тўлиқ қоплаб бўлмаса, банк капиталининг айрим қисмлари ва бошқа қарзлари ҳисобдан чиқарилиши ёки акцияларга айлантирилиши мумкин. Бу иш белгиланган тартибда амалга оширилади. Аввал биринчи даражали асосий капитал, кейин қўшимча биринчи даражали ва иккинчи даражали капитал ҳисобидан зарар қопланади. Шундан сўнг бошқа айрим қарзлар ҳисобга олинади.
Бироқ банкнинг ҳамма қарзлари ҳам ҳисобдан чиқарилмайди. Масалан, омонатларни кафолатлаш доирасидаги маблағлар ва гаров билан тўлиқ қопланган қарзлар сақлаб қолинади. Бошқа маҳаллий ва хорижий банклардан етти кунгача муддатга олинган қарзлар, тўлов ва ҳисоб-китоб тизимлари билан боғлиқ мажбуриятлар ҳам ҳисобдан чиқарилмайди.
Шунингдек, банк ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва бошқа тўловлари, товар ва хизматлар учун тўланиши керак бўлган пуллар, солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ҳам сақланиб қолади.
Омонатларни кафолатлаш агентлиги олдидаги қарзлар ҳам ҳисобдан чиқарилмайди. Марказий банк зарур деб ҳисобласа, айрим бошқа қарзларни ҳам ҳисобдан чиқарилмайдиган қарзлар қаторига киритиши мумкин.
Банк фаолияти қандай тикланади?
Агар санация давомида банк капитали ёки мажбуриятлари ҳисобдан чиқарилса ёхуд акцияларга айлантирилса, банк фаолиятини тиклаш режасини ишлаб чиқиши керак. Ҳужжат санация қарори кучга кирганидан кейин бир ой ичида Марказий банкка тақдим этилади. Зарур бўлса, бу муддат яна бир ойга узайтирилиши мумкин.
Режада банкнинг молиявий барқарорлигини тиклаш чоралари, келгусидаги даромад ва харажатлар прогнози, корпоратив бошқарувни яхшилаш ҳамда пруденциал талабларни бажариш йўллари кўрсатилади. Марказий банк режани 20 иш куни ичида кўриб чиқади. Банк эса тасдиқланган режа бўйича ҳар чоракда ҳисобот бериб боради.
Санация жараёнида давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш зарурати туғилса, Марказий банк бу масалани Вазирлар Маҳкамаси билан келишади ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигини хабардор қилади.
Низомга кўра, банкни санация қилишга тайёргарлик ва бу ҳақдаги қарор расман эълон қилингунига қадар тегишли маълумотлар махфий сақланади. Қарор қабул қилингач, у расмий манбаларда, жумладан, Марказий банкнинг интернет сайти ва ижтимоий тармоқларида эълон қилинади. Ҳужжат 2026-йил 17-ноябрдан кучга кирган.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг сентябр ойида Марказий банк тижорат банклари ва тўлов ташкилотларида шубҳали операцияларни аниқлаш бўйича янги талабларни жорий этишни таклиф қилганди. Лойиҳага кўра, антифрод тизимлари тун-у кун ишлаши, операцияларни реал вақт режимида текшириши ва зарур ҳолларда мижоздан қўшимча тасдиқ олиши керак.





