Logo

Ўзбекистонда яна 4 та банкка исломий банк лицензияси берилди

Ушбу банклар қўлга киритган лицензиялар энди уларга исломий молия операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Ўзбекистонда яна 4 та банкка исломий банк лицензияси берилди © Foto: asia24.media

Марказий банк бошқарувининг 2026-йил 18-ноябрдаги тегишли қарорларига мувофиқ, яна 4 та банк исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олди.

Булар АИТБ «Ipak yo‘li bank», «Asia Alliance Bank» АТБ, «Orient Finans банк» ХАТБ, «Hayot Bank» АЖ.
Регуляторнинг эслатишича, банклар қўлга киритган мазкур лицензиялар уларга «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 5¹-моддасида назарда тутилган исломий молия операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Марказий банк раҳбарига кўра, исломий молияни ривожлантиришнинг учинчи босқичи исломий қимматли қоғозлар, хусусан сукук инструменти учун зарур ҳуқуқий асосни яратишдан иборат. У Самарқанддаги исломий молияга бағишланган форумда ана шу мақсадда ҳукумат томонидан Ўзбекистонда капитал бозори тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси тайёрланганини айтиб ўтганди. Қолаверса, Марказий Осиёда ислом молияси бўйича рақамли платформа ишга тушиши мумкин. «Исломий дарча»ларни очаётган ёки ривожлантираётган тижорат банклари учун мўлжалланган ушбу платформа маҳсулотларни нолдан ишлаб чиқмасдан ва узоқ муддатли жорий этишсиз бозорга тез олиб чиқиш имконини беради.

Самарқанддаги форумда Vaqt.uz мухбири ушбу минтақада ислом молияси нега ҳали ҳам секин ривожланаётгани борасида экспертлардан жавоб олганди. Суҳбатда Марказий банк вакили Ўзбекистонда исломий молия хизматларини йўлга қўйиш учун 10 га яқин банк қизиқиш билдиргани, қонунчилик талабларига жавоб берадиган банкларга қўшимча лицензиялар берилиши мумкинлигини маълум қилганди.

Марказий Осиёда исломий молиянинг истиқболи, Ўзбекистонда банк хизматларига талаб ва соҳани ривожлантириш учун зарур қонунчилик масалалари юзасидан халқаро экспертлар ўз фикрларини айтиб ўтганди. Бундан ташқари, Халқаро ислом молияси форумида Vaqt.uz билан суҳбатлашган ислом молияси эксперти Искандар Турсунов Ўзбекистон ва Марказий Осиё халқаро инвесторлар учун ислом молиясининг янги истиқболли бозорларидан бири сифатида кўрилаётгани, бунга минтақадаги иқтисодий ўсиш, ислоҳотлар ва хорижий инвесторлар учун очилаётган имкониятлар сабаб бўлаётганини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда «Open bank» исломий банк фаолияти учун илк лицензияни қўлга киритганди.

Теглар

Мавзуга оид