Исроил Эронга ҳарбий зарба берди
Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида кучли портлаш овози эшитилган. Исроил ҳудудида ҳам огоҳлантирувчи сиреналар янграгани маълум қилинди.

Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида 28 феврал куни кучли портлаш овози эшитилди. Ҳодиса юзасидан расмий идоралар ҳозирча изоҳ бермаган. Исроил Мудофаа вазири Катц эса Эронга зарба берганини расман эълон қилиб, мамлакат ҳудудида зудлик билан фавқулодда ҳолат жорий этилганини маълум қилди. Бу ҳақда «Аl Arabiya» хабар қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш овози Теҳроннинг бир нечта ҳудудларида сезилган. Маҳаллий аҳоли кучли зарба тўлқини ва фавқулодда хизматлар ҳаракати кузатилганини қайд этган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда қутқарув хизматлари техникаси ва махсус автомобиллар кўрингани айтилмоқда. Бироқ Эрон ҳукумати ҳозирча расмий баёнот бермаган.
Исроил Мудофаа вазирининг сўзларига кўра, яқин соатларда Эрон томонидан ракета ва учувчисиз қурилмалар орқали жавоб зарбаси берилиши эҳтимоли юқори. Шу боис аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чекловлар кучайтирилди.
Исроил Мудофаа армияси сиреналар ишга тушганини ва аҳолига бомбадан паноҳ жойлари яқинида бўлиш бўйича хабарлар юборилганини билдирди. Таълим тадбирлари бекор қилинди, оммавий йиғилишлар тақиқланди ва стратегик аҳамиятга эга тармоқлардан ташқари офислар фаолияти тўхтатилди.
Ҳодиса Эрон ва АҚШ ўртасида ядровий дастур масаласида зиддиятлар кучайган даврга тўғри келди. Сўнгги ҳафталарда икки томон кескин баёнотлар алмашган эди.
Аналитиклар фикрича, ҳар қандай ҳарбий ҳаракат ёки шубҳали ҳужум минтақадаги геосиёсий мувозанатга таъсир кўрсатиши мумкин. Энергетика бозорлари ва нефть нархлари ҳам бундай хабарларга сезгир ҳисобланади.





