Исроил ҳужумидан сўнг Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида 71 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда

30.06.2025 | 08:153 daqiqa

Теҳронда жойлашган Эвин қамоқхонасига Исроил томонидан 23 июн куни амалга оширилган ракета ҳужумида 71 киши ҳалок бўлди. Улар орасида қамоқхона ходимлари, ҳарбийлар, маҳбуслар, уларнинг оила аъзолари ва атрофдаги бинолар аҳолиси бор.

Исроил ҳужумидан сўнг Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида 71 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда
23 июн куни Исроил ҳаво кучлари Теҳроннинг шимолидаги Эвин қамоқхонасига 7 та ракета ёрдамида зарба берди. Ҳужум тўғрисидаги тасвирларни Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ижтимоий тармоқда эълон қилди ва «Яшасин эркинлик!» деган сўзлар билан ёзув қолдирди. «Анадолу» агентлиги журналистлари ҳужумдан сўнг қамоқхонадаги вайрона ва йўқотишларни суратга олди. Қамоқхона маъмурияти маълумотига кўра, ракета зарбалари натижасида маъмурий бино бутунлай вайрон бўлган, деворлари ёрилиб, том қисми қулаган. Бино ичидаги мебел ва ҳужжатлар, китоблар зарар кўрган. Қамоқхона шифохонасига ҳам катта талафот етган: биноларнинг ташқи қисми, ойна ва шишалари синган, клиникадаги бир қанча тиббий жиҳозлар яроқсиз ҳолга келган. Ҳужум пайтида прокурорлик биносида бўлган Теҳрон прокурорининг ўринбосари Али Қаноаткор вафот этди. Тергов залида ҳам кўплаб маҳбуслар ва уларнинг оила аъзолари ҳалок бўлган ёки яраланган. Ушбу ҳужум маҳбуслар яқинлари билан учрашиб турган пайтда содир бўлгани сабабли, йўқотишлар катта бўлди. Ҳужум натижасида қамоқхона атрофидаги бир қанча уйлар ва автомашиналар ҳам катта зарар кўрган.  

Teglar

Mavzuga oid