
Жаҳон банки: 2026 йилда нефт нархи сўнгги 5 йилдаги энг паст даражага тушади
Жаҳон банки прогнозига кўра, 2026 йилда Brent маркали нефтнинг ўртача нархи баррелига 60 долларгача пасайиши мумкин. Бу сўнгги беш йилдаги энг паст кўрсаткич бўлади.

Жаҳон банкининг янги ҳисоботига кўра, 2026 йилда жаҳон нефт бозоридаги нархлар сезиларли даражада пасайиши кутилмоқда. Таҳлилларга кўра, Brent маркали нефтнинг ўртача баҳоси бир баррели учун 68 доллардан 60 долларгача тушиши мумкин. Бу сўнгги беш йил ичида қайд этилган энг паст даража бўлади.
Ҳисоботда таъкидланишича, 2025 йил давомида нефт бозоридаги таклиф ҳаддан зиёд кўпайди ва келаси йил бу кўрсаткич 2020 йилдаги сўнгги чўққига нисбатан 65 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу ҳолат нархларнинг янада пасайишига сабаб бўлиши мумкин.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2025 йилда энергия манбалари нархи умумий ҳисобда 12 фоизга, 2026 йилда эса яна 10 фоизга пасайиши кутиляпти. Мутахассислар бу тенденцияни глобал иқтисодиётдаги сўниши, таклифнинг ортиши ва муқобил энергия манбалари улушининг ошиб бориши билан изоҳламоқда.
Шу билан бирга, ҳисоботда 2030 йилга бориб электромобиллар сотуви кескин ортиши кутилгани, бу эса нефтга бўлган талабни янада камайтиши мумкинлиги қайд этилган. Бу ҳолат жаҳон энергетика бозорида узоқ муддатли таркибий ўзгаришлар юз беришига олиб келиши мумкин.
Экспертларнинг фикрича, нефт нархларининг пасайиши қатор экспортчи давлатлар бюджетига босим ўтказиши, лекин энергия импортига боғлиқ мамлакатлар учун иқтисодий енгиллик яратиши мумкин.





