
Жанубий Корея собиқ бош вазири 23 йилга қамалди
Сеул суди 2024 йилда ҳарбий ҳолат жорий этилиши билан боғлиқ ишда мамлакатнинг собиқ бош вазирини оғир жиноятларда айбдор деб топди.

Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳридаги суд 2024 йилда мамлакатда қисқа муддатга ҳарбий ҳолат жорий этилиши билан боғлиқ иш доирасида собиқ бош вазир Хан Док Суни 23 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда «Yonhap» агентлиги хабар берди.
Собиқ бош вазир Хан Док Су мамлакатнинг собиқ президенти Юн Сок Ёл томонидан қабул қилинган ҳарбий ҳолат тўғрисидаги қарорни амалга оширишда фаол иштирок этганликда айбланган. Тергов маълумотларига кўра, у кескин сиёсий инқироз шароитида давлат бошқаруви тизимида муҳим рол ўйнаган ва қарор ижросига кўмаклашган.
Айблов хулосасида таъкидланишича, ҳарбий ҳолат жорий этилиши мамлакатдаги сиёсий барқарорликни таъминлаш эмас, балки мавжуд қарама-қаршиликларни янада чуқурлаштирган.
Суд Хан Док Суни давлат тузумига зид ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган мансабдор шахс сифатида баҳолади.
Аввалроқ Сеул суди собиқ президент Юн Сок Ёлни ўзининг ҳибсга олиниши жараёнига тўсқинлик қилгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этган эди.
Маълумот учун, 2024 йил 3 декабр куни Юн Сок Ёл парламентда давлат бюджети бўйича кескин баҳслар кечаётган пайтда ҳарбий ҳолат эълон қилган. У бу қарорни парламентдаги «антидавлат кучлари» демократияга таҳдид солаётгани билан изоҳлаган. Бироқ мазкур қарор бир неча соат ичида парламент томонидан бекор қилинган ва мамлакат бўйлаб оммавий норозилик намойишларига сабаб бўлган.





