
Жанубий Кореяга ишга юбориш эвазига 10 минг доллар талаб қилган шахс қўлга олинди
Наманганда консалтинг фирма раҳбари танишлари орқали хорижий давлатга ишга юборишни ваъда қилиб фуқаронинг ишончига кирган.

Наманган вилоятида ноқонуний миграция билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида бир нечта қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган.
Маълумотларга кўра, Наманган шаҳрида фаолият юритган консалтинг фирмаларидан бирининг раҳбари 2001 йилда туғилган маҳаллий фуқарони ишончига кириб, танишлари орқали уни Жанубий Кореяга ишга жўнатишини айтган. Ушбу «хизмат» эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилинган бўлиб, келишувнинг аввалида 1,5 минг доллар олган вақтида гумонланувчи ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Наманган шаҳридаги яна бир консалтинг фирмаси иш юритувчиси ҳам шунга ўхшаш йўл билан фош этилди. У ўз танишлари орқали Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи, 1998 йилда туғилган фуқарони Латвияга ишга юборишни ваъда қилиб, 2 минг АҚШ долларини олган пайтида қўлга олинди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси асосида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ваколатли органлар фуқароларни ҳушёр бўлишга чақириб, хорижда ишлаш масаласида фақат расмий манбаларга мурожаат қилишни тавсия қилмоқда.





