
Женнифер Лопеснинг Тошкентдаги концерти: Умумий ҳисобда 25 мингта чипта сотилди
08.08.2025 | 22:3023292
Тошкентда ўтган Женнифер Лопес концерти учун чипталарнинг қарийб 70 фоизини чет элликлар — россияликлар, қозоғистонликлар ва Европа ҳамда бошқа мамлакатлардан келган меҳмонлар ҳарид қилган.

7 август куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида америкалик қўшиқчи ва актриса Женнифер Лопеснинг Up All Night — LIVE IN 2025 тур доирасидаги концерти бўлиб ўтди.
«Ўзбекистон24» телеканали маълумотларига кўра, тадбир учун жами 25 мингта чипта сотилган. Уларнинг 68 фоиздан ортиғи — тахминан 15 мингта чипта — чет элликлар томонидан харид қилинган. Хусусан, 7,5 мингта чиптани россияликлар, 2,5 мингтани қозоғистонликлар сотиб олган. Қолган томошабинлар эса Европа ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюрган.
Концерт чипталари 1 миллион сўмдан 4,2 миллион сўмгача бўлган. Бу чипта сотувидан тушадиган умумий даромад камида 25 миллиард, кўпи билан эса 105 миллиард сўмгача (тахминан 1,97 млн – 8,28 млн АҚШ доллари) бўлганини кўрсатади.
Қайд этилишича, хорижлик меҳмонларнинг кўпчилиги 4–6 кунлик тур-пакетлар билан келган.





