
Жиззахдаги АЭС лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди
Жиззах вилоятида биринчи атом электр станцияси лойиҳасининг экологик хавфсизлиги жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.

23 декабр куни Жиззах вилояти Фориш туманида Ўзбекистонда илк атом электр станциясини қуриш ва эксплуатация қилиш лойиҳасининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш материаллари бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.

Муҳокамада Фориш ва қўшни туманлар аҳолиси, маҳаллий ҳокимият органлари, илмий ва экологик ташкилотлар, ОАВ вакиллари ҳамда хорижий экспертларни ўз ичига олган 295 нафар иштирокчи қатнашди. Эшитувни Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев очиб бериб, атом энергетикаси лойиҳаси мамлакатнинг барқарор ривожланиши йўлида стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Муҳокамалар давомида Ўзатом агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев атом энергетикаси Ўзбекистоннинг энергетик мустақиллиги, кам углеродли иқтисодиётга ўтиш ва аҳоли турмуш сифатини оширишда муҳим ўрин тутишини қайд этди.
Қайд этилишича, иштирокчиларга лойиҳанинг техник ечимлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Лойиҳа доирасида бир майдонда иккита катта қувватли VVER-1000 ва умумий ўрнатилган қуввати тахминан 2100 MW бўлган иккита кичик қувватли RITM-200N энергия блокларини жойлаштириш режалаштирилган. Бу конфигурация йилига 15 миллиард kWh атроф-муҳитга зарар етказмайдиган электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.

Эшитувда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар пассив ҳимоя тизимлари, «чуқур эшелонланган ҳимоя» тамойиллари ҳамда ҳатто фавқулодда ҳолатларда ҳам станция хавфсизлиги таъминланиши ҳақида тушунтириш берди. Ишлатилган ядро ёқилғиси ва радиоактив чиқиндилар билан ишлашда Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг кўп йиллик тажрибасига таянилиши маълум қилинди.

Экологик баҳолаш натижалари лойиҳа Халқаро атом энергияси агентлиги томонидан белгиланган энг қатъий халқаро стандартларга ва миллий қонунчилик талабларига тўлиқ мос эканини тасдиқлади. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари радиацион назорат ва аҳолининг тиббий муҳофазаси масалаларига тўхталиб ўтди.
Таъкидланишича, муҳокама якунида аҳолидан 60 дан ортиқ савол ва таклифлар қабул қилинди. Улар радиация хавфсизлиги, сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги, янги иш ўринлари ва инфратузилма ривожи билан боғлиқ бўлди. Барча таклифлар акс этган баённома кўпчилик овоз билан маъқулланиб, ваколатли органларга юборилади.





