add

Кетма-кет рекордлар: олтин нархи нега ошяпти?

Бир неча кундан бери жаҳонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам олтин нархи тарихий рекордларни янгиламоқда.

Кетма-кет рекордлар: олтин нархи нега ошяпти?

Марказий банк 14 январь куни учун Ўзбекистондаги банкларда сотилаётган олтин қуймалари нархини эълон қилди.

Унга кўра, олтин қуймаларининг 1 г учун нархи илк бор 1 млн 852 минг сўмга етди. 100 г олтин қуйма банкларда 185,2 млн сўмдан сотилмоқда.

Қадоғи бут ҳолатдаги 100 г қуйма 178 млн сўмдан қайтариб сотиб олинмоқда. Техник талабларга мос келмаган ҳолда нарх 176,2 млн сўмни ташкил қилади.

3

Олтин қуймалари нархи кетма-кет учинчи кун рекордни янгиламоқда. Жаҳон бўйича олтин нархи ҳам троя унцияда 4 635 долларгача кўтарилди ва янги рекорд даражага чиқди.

Нарх ошишига нима сабаб бўляпти?

Олтин сўнгги йилларда инвесторлар учун ростмана «хавфсиз бошпана» вазифасини ўтаб бермоқда. Геосиёсий нотинчликлар, иқтисодий ноаниқликлар ортидан қимматбаҳо металга талаб кучайиб боряпти.

Бу даврда Марказий банклар ҳам олтинга асосий захира воситаси сифатида қарай бошлади ва уни жамғаришга кўпроқ эътибор қаратди.

Ўзбекистоннинг халқаро захираларида айни пайтда олтин миқдори 83 фоизни ташкил қилади. Ваҳоланки, бир пайтлар мамлакат захиралардаги олтин улушини 50 фоиздан пасайтиришни режа қилганди.

Бироқ, 2025 йилгача Марказий банк раиси ўринбосари, ҳозирда Статистика қўмитаси раиси бўлган Беҳзод Ҳамроев Bloomberg нашрига бозор бунга йўл қўймаганини айтганди.

«Облигацияларга кўпроқ сармоя киритиш ҳақида ўйладик, лекин бозорнинг ўзи бунга йўл қўймади. Биз учун иккита омил бор: жорий нарх ва келажакдаги нарх. Нарх кўтарилмоқдами ёки у ўзининг энг юқори чўққисига етиб, пасайяптими? Бу биз излаётган дақиқа. Агар нарх кўтарилаётган бўлса, кутганимиз маъқул», — деган эди Ҳамроев.

Шу тариқа Марказий банклар олтиннинг юқорилаётганини олдиндан сезди ва захираларга олтин йиғишни бошлади. 2025 йилнинг 11 ойида улар жами 297 тонна олтин сотиб олди. Бу эса қўшимча талабни юзага келтириб, нархлар ўсишда давом этишига туртки бўлди.

Сўнгги пайтларда олтин тарихий рекордларни яна бир бор янгилади. Қайта-қайта рекордларга иккита муҳим воқеа сабаб бўлди.

Биринчи таъсир, АҚШ Федерал резерв тизими раиси Жером Пауелл Доналд Трамп маъмурияти унга нисбатан тергов бошлаганини эълон қилгач юзага келади. Инвесторлар АҚШ Марказий банки мустақиллиги хавф остида деб ҳисоблади ва олтинга доимгидек “хавфсиз бошпана” сифатида сармояни кўпайтирди.

Иккинчиси Эрондаги нотинчликлар билан тўғридан-тўғри боғлиқ. Бутун мамлакат бўйлаб икки ҳафтадан бери норозилик намойишлари ўтказилиб, унда 2 000 га яқин эронликлар ҳалок бўлди. Доналд Трамп ҳодиса ортидан Эрон билан иқтисодий алоқаларни сақлаб қолган давлатларга 25 фоиз бож жорий қилинишини маълум қилди.

Трамп бу қарорни ўзининг «Truth Social» ижтимоий тармоғида эълон қилиб, чора «дарҳол кучга киргани» ва «қатъий ва якуний» эканини таъкидлаган.

2026 йил нарх қандай бўлади?

Олтин нархи аксарият таҳлилчилар томонидан 2026 йилда ҳам ўсиши кутилмоқда. JP Morgan таҳлилчилари кейинги йил охирида олтинни 5 200—5 300 доллар атрофида бўлади деб кутмоқда. Goldman Sachs прогнози эса 4 900 доллар атрофида.

Ушбу кутилмалар амалга ошадиган бўлса, 100 г кўринишидаги олтин қуйма нархи 2026 йилда 200 млн сўмдан ошади. Бу эса унга бўлган талабни янада кучайтириши кутилмоқда.

Марказий банк олтин нархи 2026 йилга келиб 4 000 доллар атрофида бўлишини прогноз қилганди.

Вазиятга қараб нарх 5 500 долларгача чиқиши ёки 2 500 долларгача арзонлаши ҳам мумкин.

Сўнгги воқеалар фонида олтин нархи 2026 йилда ҳам барқарор равишда ўсишда давом этишини кутиш мумкин.

Аввалроқ, олтинга Ўзбекистон шароитида қандай қилиб инвестиция киритиш ҳақида маълумот берилганди.

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 32

Barchasi

Mavzuga oid