
Латвияда рус тилидан фойдаланиш тақиқланди
Янги йилдан бошлаб Латвияда рус тилидаги оммавий ахборот воситалари ёпилди, мактабларда эса рус тили таълими бекор қилинди.

Балтика давлати ҳисобланган Латвия 1 январдан бошлаб рус тилининг жамоат соҳасида қўлланилишига доир кенг қамровли чекловларни кучга киритди. Қарорга мувофиқ, мамлакат ҳудудида рус тилидаги давлат ва оммавий ахборот воситалари фаолияти тўхтатилди, таълим тизимида эса рус тили фан сифатида ўқитилишдан чиқарилди.
Мазкур қарор аҳолининг тахминан 40 фоизи рус тилида сўзлашаётганига қарамасдан қабул қилинди. Ҳукумат расмийларига кўра, бу чора-тадбирлар миллий ўзликни мустаҳкамлаш, давлат муассасаларида латиш тили устуворлигини таъминлаш ҳамда давлат тилининг мақомини кучайтиришга қаратилган.
Охирги йилларда, айниқса Россия ва Украина ўртасидаги урушдан сўнг, Латвияда тил ва идентификация сиёсатига доир ислоҳотлар жадаллашди. Рус тилидаги эфирларнинг тўхтатилиши ва таълим тизимидан чиқарилиши мамлакат ичида ҳам, ташқи сиёсат доирасида ҳам баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар бу қарорни Болтиқ минтақасида кучайиб бораётган хавфсизлик хавотирлари ва маданий мустақилликка интилиш билан изоҳламоқда. Айни пайтда, рус тилида сўзлашувчи аҳолининг ушбу чекловларга муносабати ва қарорнинг ижтимоий ҳаётга таъсири яқин ойларда диққат билан кузатилиши кутилмоқда.





