add

Мадуро ва рафиқаси «юлдузлар» қамаладиган қамоқхонага жойлаштирилди

06.01.2026 | 13:552 daqiqa

Николас Мадуро ва Силия Флорес Ню Йоркдаги энг қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонага олиб келинди. Бу ерда бир пайтлар Эл Чапо ва Diddy ҳам сақланган.

Мадуро ва рафиқаси «юлдузлар» қамаладиган қамоқхонага жойлаштирилди

Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес АҚШга олиб кетилгандан сўнг Ню Йоркдаги «Metropolitan Detention Center Brooklyn» (MDC Brooklyn) қамоқхонасига жойлаштирилди. Ушбу муассаса АҚШда «юқори даражадаги жиноят ишлари кутиш зали» сифатида танилган бўлиб, у ерда тарихий ва резонансли ишларда айбланган шахслар сақланган.

«MDC Brooklyn» ўзининг «машҳур маҳбуслар рўйхати» билан алоҳида шуҳрат қозонган. Бу ерда илгари Мексиканинг энг машҳур наркобаронларидан бири Хоакин «Эл Чапо» Гусман, шунингдек, Синалоа картелининг асосчиларидан Исмаил «Эл Майо» Замбада сақланган. Улар билан бир қаторда мусиқа индустриясидаги шов-шувли ишларда айбланган шахслар ҳам айнан шу муассасада суд кунини кутган.

Мусиқа оламидаги энг баҳсли фигуралардан бири — жинсий жиноятлар учун ҳукм қилинган R. Kelly, шунингдек, продюсер Sean «Diddy» Combs ҳам «MDC Brooklyn»да сақланган маҳбуслар қаторида бўлган. Шу сабабли бу қамоқхона оммавий ахборот воситаларида кўпинча «машҳурлар қамоқхонаси» деб аталади.

Мадуро ва Флорес хавфсизлик нуқтайи назаридан бошқа маҳбуслардан тўлиқ изоляция қилинган. АҚШ Федерал қамоқхоналар бюроси маълум қилишича, юқори хавф тоифасига кирувчи шахслар алоҳида блокларда, ташқи алоқалардан узилган ҳолда сақланади. Қамоқхона атрофида эса кучайтирилган қўриқлаш режими жорий этилган.

1994 йилдан буён фаолият юритаётган «MDC Brooklyn» Ню Йоркда федерал жиноят ишлари бўйича асосий муассасалардан бири ҳисобланади. Оғир шарт-шароитлари ва қаттиқ тартиб-қоидаларига қарамай, халқаро хавфсизликка дахлдор айбловлар қўйилган шахслар айнан шу ерга жойлаштирилиши билан танилган.

Teglar

Mavzuga oid