
«Мадуронинг вақти тугаб бормоқда»: Трамп Венесуэла масаласида қарор қабул қилди
Доналд Трамп маъмурияти Венесуэладаги ҳарбий объектларга зарба бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳужумлар яқин кунларда ёки ҳатто бир неча соат ичида амалга оширилиши мумкин.

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Венесуэладаги бир қатор ҳарбий объектларга зарба бериш бўйича қарор қабул қилди, Бу ҳақда Miami Herald хабар бермоыда. Манбаларнинг маълум қилишича, ҳаво ҳужумлари яқин соатларда амалга оширилиши мумкин.
Режалаштирилаётган амалиётнинг асосий мақсади — Cartel de los Soles деб аталган наркотик савдоси билан шуғулланувчи тузилманинг ҳарбий базаларини йўқ қилиш. АҚШ ҳукуматининг фикрича, бу уюшма Николас Мадуро режимидаги юқори мансабдорлар томонидан бошқарилади.
Манбаларга кўра, ҳаво зарбалари нафақат ҳарбий объектларга, балки картел етакчиларига ҳам қаратилган бўлиши мумкин. АҚШ расмийлари ушбу тузилманинг Европа ва АҚШга йилига тахминан 500 тонна кокаин экспорт қилишини айтиб ўтган.
Нашр суҳбатдошларидан бири «Мадуронинг вақти тугаяпти» деб айтиб, у яқин орада мамлакатни тарк эта олмайдиган вазиятга тушиб қолиши мумкинлигини билдирган. Шу билан бирга, Вашингтон Мадурони ҳибсга олишга олиб келадиган маълумотлар учун мукофот миқдорини икки баробарга ошириб, 50 миллион долларга етказди. Miami Herald газетаси хабар беришича, бу шундай турдаги мукофотлар орасида рекорд суммани ташкил этади.
The Wall Street Journal маълумотига кўра, АҚШда ҳозирча қуруқликдаги ҳарбий амалиёт ҳақида якуний қарор қабул қилинмаган. Аммо эҳтимолий ҳужумлар Мадуро режими билан боғлиқ наркобандлар фаолият кўрсатаётган ҳарбий портлар ва аэропортларга қаратилган бўлади.
22 октябрь куни The Washington Post Трампнинг Венесуэлада МРБга махфий операциялар ўтказишга рухсат бергани ҳақида хабар қилганди. Нашр маълумотига кўра, Кариб денгизида ўнлаб Америка ҳарбий кемалари ва самолётлари, шунингдек, минглаб ҳарбий хизматчилар жойлаштирилганди.
АҚШ раҳбари аввалроқ Венесуэла билан муносабатлардаги асосий муаммолардан бири наркотрафик эканини таъкидлаган ва 24 октябрда Вашингтон ердаги операцияни ҳам амалга ошириши мумкинлигини билдирган.





