
Маҳкумларга видео-учрашувдан фойдаланиш ҳуқуқи берилади
Янги қонунга мувофиқ, озодликдан маҳрум этилган шахслар масофали видео-учрашув ёки телефон орқали мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади.

2026 йил 15 январда қабул қилинган ЎРҚ–1112-сонли қонун билан Жиноят-ижроия кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу ҳужжат маҳкумларнинг мулоқот қилиш ҳуқуқларини кенгайтиришни назарда тутади.
Киритилган ўзгартишларга кўра, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга масофали видео-учрашувдан фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Бу ҳуқуқ маҳкумнинг ўз шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва мулоқот давомийлиги 15 дақиқани ташкил этади.
Қонунга биноан, маҳкум бир марта масофали видео-учрашув ўтказиши ёки телефон орқали сўзлашиши мумкин. Яъни, эндиликда мулоқот шаклини танлаш имконияти яратилди. Бу янгилик маҳкумлар ва уларнинг яқинлари ўртасида алоқанинг янада қулай ва замонавий усулда йўлга қўйилишига хизмат қилади.
Илгари амалда бўлган тартибга кўра, маҳкумлар фақат 15 дақиқа давом этадиган бир марта телефон орқали сўзлашиш ҳуқуқига эга эди. Видео-учрашув имконияти қонунчиликда назарда тутилмаган бўлиб, янги қоидалар ушбу чекловни бекор қилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди. Ушбу нормаларнинг амалга оширилиши жазони ижро этиш муассасаларида техник имкониятлар асосида таъминланиши кутилмоқда.





